ЎзА Ўзбек

06.08.2018 20:29 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти тақдимоти

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти тақдимоти Инсон қонунга таянган ҳолда ҳаракат қилар экан, у ташлаётган қадамининг тўғри, асосли ва адолатли бўлгани учун ҳам ўзида ишонч ва қудрат сезади. Муҳими, у қонун ҳимоясида бўлади.

Шу жиҳатдан қонунлар ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутади ва уларни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириб бориш зарур. Президентимизнинг жорий йил апрель ойидаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг ташкил этилгани шу мақсадга хизмат қилади.

Пойтахтимизда “Ҳуқуқий сиёсат – давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақида сўз юритилди.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Ҳожимурод Исоқов ва бошқалар янги институт ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган фаолият олиб боришини таъкидлади. Зеро, институт жамиятда ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

Тадқиқот институти тақдимотида янги тузилма миллий қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиши қайд этилди. Жамият тараққиётига ҳамоҳанг келадиган илмий концепциялар яратиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг инновацион усуллари устида иш олиб борилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида қонун ҳужжатлари қўлланилиши амалиёти таҳлил қилинади, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганади. Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлайди. Етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Тадқиқот институти ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат ва хўжалик бошқаруви, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, таълим, илмий ва ахборот-таҳлилий муассасалардан қарорлар, буйруқлар ва бошқа ҳужжатарни, статистик маълумотларни сўраб олиш, уларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини бевосита ўрганиш ваколатига эга.

Институт ўз фаолиятида миллий ва хорижий давлатлар қонунчилиги қиёсий таҳлили, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари, ҳуқуқшунос, иқтисодчи, сиёсатшунос олимларнинг илмий тавсиялари, шунингдек, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари томонидан билдириладиган таклиф ва тавсияларга таянади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
8 710