ЎзА Ўзбек

12.01.2019 18:28 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий маданиятнинг ошиши кўплаб муаммоларни бартараф этади​

Ҳуқуқий маданиятнинг ошиши кўплаб муаммоларни бартараф этади​

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини тегишли тартибда бартараф этиш бошқа соҳаларда бўлгани каби прокуратура органлари фаолиятининг ҳам асосий мезонига айланиб бормоқда. Буни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар прокуратураси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўтган йили мурожаатлар асосида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 13 протест келтирилиб, 8 нафар шахс интизомий, 6 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 10 та жиноят иши қўзғатилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида 73 миллион 500 минг сўмлик 5 та даъво аризаси фуқаролик судларига киритилиб, етказилган 102 миллион 800 минг сўмлик зарар ихтиёрий равишда қопланишига эришилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жами 113, жумладан, 6 нафар жисмоний шахснинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Шаҳар прокуратурасига фуқаролар томонидан тушган мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий, иқтисодий, маиший, молиявий, хўжалик, оилавий ва бошқа масалалар юзасидан бўлиб, ушбу муаммолар прокуратуранинг бевосита аралашуви билан ижобий ҳал қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил фаолиятимизнинг асосий мезонига айланди, – дейди Гулистон шаҳар прокурори Сарвар Бозоров. – Бу таъкид нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки эгаллаб турган мансаб-лавозимидан қатъий назар, ҳар бир идора раҳбари ва ходимига ҳам бирдек тааллуқлидир. Афсуски, фуқароларимизнинг бизга мурожаатларини ўша ташкилот, корхона ё муассасанинг ўзида, ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва бошқа ташкилотларгача етиб бормай ҳал этиш мумкинлигини ҳали-ҳамон баъзи раҳбарлар англаб етмаяпти, шекилли. Бу эса айрим мутасаддиларнинг ҳануз эскича услубдан қутила олмаётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, мурожаатлар орасида уй-жой ҳужжатларини ўз номига расмийлаштиришда мутасадди идорадаги бюрократик тўсиқлар, ижтимоий нафақа олишдаги адолатсизлик, кредит олишдаги муаммолар ҳақидаги, шунингдек, ишга жойлашиши учун амалий ёрдам бериш тўғрисидаги арзларни кўп учратиш мумкин.

– Оилавий низо сабаб болаларимни олиб отамникига кетдим ва ишга ўша ердан қатнай бошладим, – дейди Буюк келажак маҳалласида истиқомат қилувчи М.Туротова. – Бирга ишлайдиган ён қўшним ишхонага келиб нима деган, билмайман, ўшанинг фикрига асосланиб, мени ишдан бўшатишди. Ишхонамиз юристи ҳам, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси ҳам раҳбарни ҳақ, деб кўрсатди. Охир-оқибат бу муаммо юзасидан прокуратурага мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Адолат бор экан, ишга қайта тикландим.

Прокуратурага йўлланган мурожаатлар орасида турли соҳаларда мансабдор шахс бирор манфаатни кўзлаб фуқаронинг ишини ҳал қилиб бериш учун пора талаб қилиш каби коррупция ҳолатларини ҳам, афсуски, кўриш мумкин.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, одамларда ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тарғибот-тушунтириш тадбирларини ўтказишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Абдужалол Қаюмов​, ЎзА
4 728