Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2018 17:26 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқий ахборот кунлари

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида 6-8 апрель кунлари “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ўтказилди.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентимиз фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, адлия органларини халққа янада яқинлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

“Ҳуқуқий ахборот кунлари” доирасида адлия бошқармаси, адвокатлар ва бошқа давлат органлари ходимларидан иборат “Ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари” тузилди. Мазкур гуруҳлар хонадонма-хонадон юриб, фуқаролар билан мулоқот ўтказди.

Мулоқот жараёнида манзилли ҳуқуқий тарғибот ўтказишга алоҳида эътибор берилди. Яъни фуқаролардан тушган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлар орқали келаётган саволлар – коммунал хизматлар, томорқа ер участкаларидан фойдаланиш, моддий ёрдам, арзон уй-жой олиш, ишга жойлашиш, меҳнат миграцияси каби масалаларга жавоб қайтарилди.

Бундан ташқари, мулоқотда янги қабул қилинаётган қонунлар, Президент қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари ҳақида аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, сайёр нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.

Ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, оилани мустаҳкамлашда эркак ва аёлнинг ўрни ва вазифалари, яқин қариндошлар ўртасида, шунингдек, эрта турмуш қуришнинг салбий ҳолатлари, бола ва онанинг ҳуқуқлари ҳамда ажрашишнинг оғир оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди. Ёшлар билан ўтказилган суҳбатларда алкоголь ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари, оммавий маданият, яъни ТВ ва интернет орқали кириб келаётган ҳамда миллий менталитетга хос бўлмаган бегона урф-одатларнинг зарарлари тушунтирилди.

Давлат хизматлари марказларининг мақсад ва вазифалари, марказларда кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари, Адлия вазирлигининг “Telegram” мессенжеридаги “Huquqiy axborot” канали, “Lex.uz” сайти ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида Қувасой шаҳридаги кар-соқовлар махсус мактаб-интернати тарбияланувчилари ўртасида “Қонун менинг тасаввуримда” мавзусида расм чизиш танлови ўтказилди ва барча қатнашчиларга совғалар улашилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
6 384