ЎзА Ўзбек

26.08.2018 12:59 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик: амалиёт ва самара

Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-ички ишлар бўлими мукаммал таъмирланган икки қаватли бинода фаолият бошлади.

Бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан вилоятдаги ички ишлар бўлимларига 4 та “Damas” хизмат автомашинаси, 3-ички ишлар бўлими раҳбарига “Nexia” хизмат автомашинаси топширилди. Шунингдек, барча бўлимларга скутерлар берилди.

Тадбир иштирокчилари таъмирланган бино, унда ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажариши учун яратилган қулайликлар билан танишишди.

– Шаҳардаги 17 маҳалла ҳудудида жамоат хавфсизлиги, унда яшовчи 75 мингдан зиёд аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва жамоатчилик билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди 3-ички ишлар бўлими бошлиғи, майор Файзулла Ганжиев. – Бу олиб борилаётган профилактика ишлари самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бўлимимиз ҳудудида 2018 йилнинг ўтган даврида умумий жиноятчилик 88 тага ёки 38 фоизга камайиб, оғир ва ўта оғир жиноятлар туркумига кирувчи номусга тегиш, талончилик ва босқинчилик жиноятларининг содир этилишига йўл қўйилмади. Моддий-техника базамиз мустаҳкамланаётгани профилактика ишларини янада кучайтириш, жиноятларни “иссиқ изи”да фош этишга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 342