ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Ҳуқуқбузарлар 15 суткага қамалди (+видео)

Ҳуқуқбузарлар 15 суткага қамалди (+видео)

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида йўл патруль хизмати инспекторлари билан фуқаролар ўртасида жанжалли ҳолат акс этган видео тарқалди. Аслида нима бўлган эди?

30 июнь куни соат тахминан 12:30 ларда Оққўрғон туманида хизмат олиб бораётган йўл патруль хизмати инспекторлари текшириш учун “Спарк” русумли (давлат рақам белгиси Н 015 QA) транспорт воситасини тўхтатади. Инспектор ҳайдовчи Х.Жўраевнинг ҳужжатларини текшириш вақтида ундан спиртли ичимлик ҳиди келаётгани сабаб тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилади.

Шу вақт автомобиль салонида бўлган уч йўловчи машинадан тушиб ЙПХ инспекторига фаол қаршилик кўрсата бошлайди. Йўловчилардан бири инспекторнинг пагони ва боди камерасини юлиб олади.

Шундан сўнг ушбу фуқаролар туман ички ишлар бўлимига олиб борилди. Юзага келган ҳолатга ойдинлик киритилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилади ва тўпланган ҳужжатлар туман маъмурий ишлар бўйича судига чиқарилди.

Суд жараёнида воқеа тафсилотлари атрофлича кўриб чиқилди. Якуний қарор чиқаришдан олдин далиллар бирма-бир кўрилиб, таҳлил этилди ва суд ҳукми эълон қилинди. Ҳайдовчи Х.Жўраевга жарима, унинг йўловчилари Ш.Асраев, И.Аҳмедов ва Б.Аҳмедовга эса 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ
Ахборот хизмати

5 279
ЎзА