ЎзА Ўзбек

11.04.2019 10:16 Чоп этиш версияси

Тузларнинг зарарли таъсирини камайтириш усули топилди

Тузларнинг зарарли таъсирини камайтириш усули топилди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси олимлари томонидан Орол денгизининг қуриган майдонидан учадиган тузларнинг зарарли таъсирини камайтирувчи биотехнология ихтиро қилинди.

Бу ҳақида ЎзА мухбирига 
мазкур лаборатория мудири Бахтиёр А.Расулов маълум қилди.

Олимга кўра, мазкур биотехнология тупроқларда учрайдиган айрим ризобактерияларнинг ноёб биополимерлари – полисахарид асосидаги биофлокулянтларининг биологик фаоллигига асосланади. Ушбу биоматериаллар тузлар таркибидаги катионлар (Na+, K+, Mg+2, Ca+2 ва бошқалар)ни юқори фаолликда бириктириши орқали тупроқлар таркибидаги тузларни боғлаш – зарарсизлантириш хусусиятига эга. Биофлокулянт бирикмалар гель – ўзига хос қуюқ суспензия ҳолатида қўлланилади.
Ризобактерия штаммларининг биоматериаллари синтези ва уларнинг тўлиқ физик-кимёвий тавсифлаш борасидаги илмий тадқиқотлар 2012 йилда бошланган. Ўша вақтда ўсимликлар, жумладан буғдой ва ғўза илдизи тупроқларидан иқтисодий аҳамиятга эга, қишлоқ хўжалигида қўллаш мумкин бўлган бир қатор бактерия штаммлари ажратиб олинди. Бу бактерия штаммлари Azotobacter, Rhizobium, Bradyrhizobium авлодларига мансуб бўлиб, биофлокулянтлар синтезлашидан ташқари, ҳаво азотини ўзлаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалигида биологик азот (биоселитра) сифатида ҳам қўллаш мумкинлиги аниқланган. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, ана шу бактерия штаммлари асосида шўр тупроқларда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширувчи “Биоазот” биологик ўғити ҳам яратилди ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилди. 
Олиб борилган кейинги тадқиқотлар натижасига кўра, ажратиб олинган бактерия штаммлари ноёб хусусиятли биоматериаллар – биофлокулянтлар ҳосил қила олиши аниқланган.

Шу ўринда биофлокулянтларга қисқача таъриф бериб ўтиш мақсадга мувофиқ. Биофлокулятлар ўзига хос биополимерлар – узун занжирли бирикмалар ҳисобланиб, таркиби полисахаридлар ва оқсиллардан иборат бўлиши мумкин. Улар табиий бирикмалар ҳисобланади. Шунинг учун, айниқса кейинги 15-20 йилда дунё бўйлаб янги-янги биофлокулянтлар олиш, уларни турли мақсадларда қўллаш борасида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

– Биз ҳам Ўзбекистон шароитларида микроб ҳужайраси ёрдамида биофлокулянтлар ҳосил қилиш борасида дастлабки ишларни олиб бордик, –дейди олим. – Биофлокулянтларнинг яна бир хусусияти – нанозарралар ҳосил бўлишида ўзига хос нанореактор вазифасини ҳам ўтайди. 
Уларнинг бу хоссаларидан фойдаланган ҳолда, 2013-2016 йиллар давомида бактерия биофлокулянтлари асосида кумуш нанозарралари олиш ва улардан тиббий мақсадларда қўллаш борасида ҳам илмий лойиҳалар бажарилди. Кўп мақолаларимиз ҳорижда, Springer, Elsevier, Frontiers, MPDI нашриётлари илмий журналларида эълон қилинди.

Ҳаммамизга маълум, Ўзбекистоннинг 80 фоиздан ортиқ суғориладиган майдонлари шўрланган тупроқли ҳисобланади. Шўр тупроқда ўсимлик қийин ўсади, деҳқончилик касод бўлади. Сабаби, туз ўсимликнинг ривожланишини чеклайди. Ҳужайралари, тўқималарининг нобуд бўлишига сабабчи бўлади. Бунинг олдини олиш – тузнинг салбий таъсирини чеклаш учун бактерия штаммларидан олинган биофлокулянтларни қўллаш борасида илмий ишлар олиб борилди. Бу борада, Хитой Халқ Республикаси Фанлар Академияси (ХХР ФА) физика ва кимё институти, ХХР ФА экология ва география институти, ХХР ФА гидробиология институтлари билан илмий ҳамкорлик олиб борилди. Узоқ йиллик изланишлардан сўнг биофлокулянтларнниг тупроқ таркибидаги тузларни боғлаш хусусиятлари, ундан қишлоқ хўжалигида қўллаш истиқболлари тадқиқ этилди. Сўнгги тадқиқотларимизга кўра, 100 г биофлокулянт намунаси 8 фоизгача Na+, 22,5% гача K+ катионини боғлай олади. Биофлокулянт таъсирида тузлар эримайдиган комплекслар ҳосил қилади. Туз, ҳаммамизга маълум, сувли эритмаларда салбий таъсирга эга. Биофлокулянтлар таъсирида тузлар сувда эримайдиган ҳолатга ўтади.

Биз синтезлаган биофлокулянтларнинг яна бир хусусияти, тупроқнинг ўзига хос жипслашуви ва шу орқали тупроқда намликни узоқ вақт сақланишига ёрдам беради. Бунда, тупроқ таркибидаги туз ва қумнинг учишининг олди олинади.

Яна бир ишланмамиз – азот ўзлаштирувчи ризобактериялар асосидаги биологик ўғитимиз – “Биоазот”, уни қишлоқ хўжалигида ҳам қўллаш мумкин. Бу биологик восита азотли минерал ўғитлар ўрнини тўлақонли босишга имкон беради. Аслида бу инқилобий янгилик. Ўзингиз ўйлаб кўринг, минерал ўғитлар ҳам моҳиятан туз. Тупроққа солсак тупроқнинг минераллашуви – шўрланиши ортади. Бундан келиб чиқадики, ўз қўлимиз билан шундоқ ҳам шўрланган тупроқларимизни шўрлаяпмиз. Минерал ўғитларни биологик ўғитларга алмаштириш ғояси қатор илмий лойиҳаларни бажаришга туртки бўлди. Натижада юқоридаги биоўғитимиз – “Биоазот” биопрепарати яратилди. Ўғит таркибидаги ризобактериялар ҳаво азотини ўсимликларга озуқа азот сифатида етказиб беради. Аввал минерал азот билан ўғитланган бўлса, энди биологик азот билан озиқлантирилади. Бу усул экологик тоза, арзон, ўта самарали. Шўр тупроқли Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида қўллаш ўта истиқболли. Ушбу ишланмамиз – биопрепаратимизни катта ҳажмда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ўрни келганда айтиш мумкинки, Хитой Фанлар Академияси физика-кимё институти бу биопрепаратни ишлаб чиқариш учун инвестор бўлишни таклиф этди. Президентимиз қўллаб-қувватлаб, давлат томонидан инвестиция киритилиши белгиланганидан сўнг, хитойлик ҳамкорларга ўзимиз ишлаб чиқаришни ташкил этишимизни билдирдик. Шунингдек, Тожикистондан ҳам бу ўғитга қизиқиш катта.

Е.Қаноатов, ЎзА
4 872