ЎзА Ўзбек

02.02.2018 17:21 Чоп этиш версияси

Туя кўрдингми, йўқ!

Нурота туманида яшовчи М.Мирқиёсова 3 нафар фарзанднинг онаси. Олий маълумотли. Мустақиллик яратган имкониятлар сабаб тадбиркорликка қўл уриб, қурилиш ишларига ихтисослашган хусусий корхона ташкил этди. Изланувчанлиги ва меҳнатсеварлиги туфайли тезда одамлар орасида тадбиркор-қурувчи сифатида танилди.

Натижада вилоят миқёсидаги йирик бино ва иншоотларни барпо этиш бўйича ҳам унга қатор буюртмалар кела бошлади. Жарақ-жарақ пул топди, ҳурмат-эътибор қозонди. Бироқ билса чин, билмаса ҳазил қабилида иш тутиб, буюртмачи ташкилотлар билан тил бириктирган ҳолда, давлат аҳамиятига молик қурилишларда кўплаб ўзлаштиришларга йўл қўйди. Натижада у ўтган қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси ва бошқа моддалари билан 5 марта судланди.

Аммо “Букрини гўр тузатади” деганларидек, бу қилмишларидан тегишли хулоса чиқармади. Ўғлини ҳам бу ишларга тортди. Уни корхона раҳбари сифатида кўрсатиб, қалбаки ҳужжатлар асосида ўзи раҳбарлик қилиб юраверди. Ваҳоланки, у Жиноят ишлари бўйича Нурота тумани судининг 2015 йил 4 февралдаги ҳукмига кўра, жарима жазоси ва 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди. Қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва ундан фойдаланиш ҳадисини олган М.Мирқиёсова 2015-2016 йиллар давомида Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида Навоий шаҳридаги сил касалликлари диспансерида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажараман, деб 160 миллион сўмдан зиёд маблағни корхонаси ҳисобрақамига ўтказишга эришди. Лекин ўтган давр мобайнида диспансерда деярли ҳеч нарса қилинмаган. Амалга оширган ишлар ҳам сифатсизлиги сабаб умуман талабга жавоб бермайди.

Бажарилган ишларни қабул қилиб олишга масъул бўлган Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг “Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш” бўлими “нажотпарвар” мутахассиси У.Қайтмасовнинг ҳаракатлари эса ҳаммасидан ошиб тушди. Умуман қилинмаган 149 миллион 169 минг 322 сўмлик ишни қилинди, сифатсиз бажарилган 11 миллион 832 минг 654 сўмлик ишни эса ниҳоятда мукаммал, деб қабул қилиб олди. Туя кўрдингми, йўқ қабилида иш тутди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига масъул бўлган инжиниринг компанияси ходими ҳам ўз манфаатини давлат манфаатидан устун қўйди.

"Бузоқнинг югургани сомонхонагача". Халқимизнинг бу қадимий ҳикмати бу ерда ўз ифодасини топди. Давлат мулкини “туя” қилганлар тергов-суриштирув давомида ўзлаштирган суммаларини тўлади. Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг қарорига асосан судланувчилар қонунда белгиланган тартибда жазосини олди. Лекин, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим объектнинг шундай аҳволга солинганини наҳотки соҳага алоқадор мутасаддилар билмади? Соғлиқни сақлаш ходимлари бу ҳақда ўз вақтида тегишли органларга хабар берганида балки вазият бу даражага етиб келмасмиди?

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
13 260