ЎзА Ўзбек

15.07.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Тутанхамоннинг сири

Тутанхамоннинг сири
2014 йилнинг август ойида Қоҳирадаги Миллий музей таъмирланаётган бир вақтда усталар тасодиф туфайли қадимги Миср фиръавини Тутанхамонинг олтин ниқобининг соқол қисмини синдириб қўйган эди.

Улар ҳеч ким билмасин, деган ниятда соқолни ўз билганларича елимлашди. Бироқ, елим оддий бўлгани сабаб унинг асоратлари тез орада фош бўлди. Бу ўз навбатида катта шов-шувларга олиб келди. Шундан кейин фиръавн ниқобининг реставрация ишлари Кристиан Экман раҳбарлигидаги германиялик ва мисрлик мутахассисларга ишониб топширилди. Реставрация жараёни икки ой давом этди. Таъмирлаш ишлари икки босқичда олиб борилди. Биринчи босқичда ёмон елимланган соқол кўчирилди ва қайта ниқобга елимланди. Иккинчи босқич эса анча мураккаб бўлиб, унда ниқоб қандай материаллардан ишлангани ўрганилди. Эрамиздан аввалги 1332-1323 йилларда ҳукмронлик қилган Тутанхамоннинг дафн маросимида ишлатилган олтин ниқоб Шоҳлар водийсида тадқиқот ишларини олиб бораётган британиялик олим Говард Картер томонидан 1922 йилда топилган эди. Ниқоб олтин ва лазуритдан ишланган бўлиб, 19 ёшли фиръавннинг юзини акс эттириши айтилади. Тобут эса талон-торож қилинмаган эди. 

2007-2009 йилларда Миср ва Ғарб олимлари энг замонавий жиҳозлар ёрдамида қадимги фиръавнларнинг мўмиёларини ўрганишди. 

Айримлар Тутанхамон Эхнатоннинг ўғли бўлган деса, бошқалар унинг отаси Сменхкара эканини айтишади. Бу фиръавн Эхнатоннинг укаси ёки ўғли экани тахмин қилинади. 2007-2009 йилги тадқиқотлар натижалари 2010 йилнинг 17 февралида эълон қилинди. Ўшанда олимлар Тутанхамоннинг отаси фиръавн Эхнатон эканини аниқланан эди. Бироқ айрим мисршунослар бунга эътироз билдиришди. Уларнинг фикрича, ўрганилган эпиграфика маълумотларида Эхнатоннинг фарзандлари орасида Тутанхамоннинг сурати акс этмаган. Аммо ҳозирча унинг онаси ким бўлгани аниқланмаган. Шуниси аниқки, унинг ўгай онаси бўлмиш Нефертита ўз даврининг энг гўзал ва нуфузли аёли бўлган эди. Тутанхамоннинг ёнига унинг рафиқаси ёки онаси дафн этилган бўлиши мумкин. Олимларнинг фикрича, 19 ёшида вафот этган фиръавн ўгай онасига мўлжалланган қабрга дафн этилган бўлиши ҳам мумкин экан. Шу сабабли унинг қабри атрофи тадқиқот қилиниши лозим. 

Ёшлигида Атон илоҳи шарафига Тутанхатон (“Атон сингари тирик”) деб аталмиш шаҳзода 10 ёшида тахтга чиқди. Отасининг ўлимидан кейин ўз номини Тутанхамон, Амон сингари тирик, деб ўзгартирди. 9 йиллик ҳукмронлигидан сўнг Тутанхамон 20 ёшга етмасдан номаълум касаллик сабаб сирли равишда вафот этди. Тахминларга қараганда, Тутанхамон ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, унинг аравадан йиқилиб тушиб, жароҳат олгани боис вафот этгани ҳам айтилади. У Шоҳлар водийсига дафн этилган. Унинг Эйе томонидан уюштирилган фитна қурбони бўлгани борасида ҳам тахминлар мавжуд. Чунки айнан Эйе Тутанхамондан сўнг янги фиръавн бўлади. 

Дафн маросими март-апрель ойларида бўлиб ўтгани тахмин қилинади. Чунки мўмиё ўрганилганида гуллар топилди. Мўмиёлаш жараёни 70 кун давом этгани ҳисобга олинадиган бўлса, у ҳолда Тутанхамон декабр-январ ойларида вафот этгани ойдинлашади. 

Маълумки, қадимда Мисрда мана шу ойларда ов мавсуми ўтказилган. Фиръавн овга чиққанида аравадан йиқилиб ўлгани ҳақидаги тахминлар ҳам илгари сурилмоқда. Унинг қабри бошқа фиръавнларнинг қабридан фарқли равишда ўғрилар томонидан талон-торож қилинмагани маълум бўлди. Жасад ёнидан қадимий санъат асарларининг топилгани ҳам шундан далолат беради. Бу топилмалар туфайли Қадимги Миср саройининг турмуш тарзи ҳақида атрофлича тасаввурларга эга бўлиш мумкин. Унинг ўлими ва сарой хонадонининг бошқа сирлари орадан 3 минг йил ўтиб генетиклар томонидан аниқланди. 

Маълум бўлишича, буюк ислоҳотчи бўлмиш Тутанхамон Қадимги Миср маънавий ҳаётини тубдан ўзгартирмоқчи бўлган. Йиллар давомида тарихчилар наздида XX аср бошларига қадар Тутанхамон иккинчи даражали фирьавн бўлиб келган. Ҳатто унинг ҳаётда бўлганига шубҳа билан қаровчилар ҳам топиларди. Шу сабабли ҳам Тутанхамон қабрининг очилиши археология тарихида ноёб ҳодиса сифатида қабул қилинди. Мўмиё бошдан-оёқ олтин тақинчоқлар билан безатилган, қабрда эса фиръавн ҳаётлигида ишлатган буюмлар бор эди. 

Тутанхамонга тегишли бу топилмалар дунё сайёҳларининг эътиборини тортди. Шоҳлар водийсига сайёҳлар, мухбирлар оқиб кела бошлади. 


Шуни таъкидлаш керакки, фиръавнинг қабрини очишда иштирок этган олимларнинг сирли ўлимлари ҳақида газеталарда кўп ёзилди. Яъни, 22 нафар иштирокчи фиръавннинг қарғишига учрагани боис сирли вафот этгани борасидаги мақолалар анча шов-шувларга сабаб бўлди. Бироқ, бу гапларнинг ҳаммаси газеталарнинг уйдирмаси бўлиб чиқди. Фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, экспедиция аъзоларининг деярли ҳаммаси ўз ажали билан 70 ёшдан ошиб, ҳатто 84 ёшда вафот этган. Қабрни очишда иштирок этган Говард Картер биринчи қурбон бўлиши керак эди, аммо у 1939 йилда 66 ёшда ҳаёт билан видолашди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
7 587