ЎзА Ўзбек

16.08.2018 09:27 Чоп этиш версияси

Тушунтириш ва тарғибот ишлари самара беради

Тушунтириш ва тарғибот ишлари самара беради
Мамлакатимизда ижтимоий реабилитация қилиш, маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишларни тўғри ташкил қилишда муҳим ҳужжат ва дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур фармон ижроси доирасида жойлардаги реабилитация марказларида даволанувчилар тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилмоқда. Ички ишлар органлари ва бошқа тегишли идоралар ходимлари томонидан бундай марказларга олиб келинган фуқароларнинг ҳар бир тизимга оид муаммолари ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилаётир.

Бу каби хайрли ишлар, амалий ҳаракатлар олиб борилаётгани қувонарли. Шу ўринда Президент қарорида бу борада қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги таъкидлангани ҳақида қисқача тўхталиш ўринли. Қарорда ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш назарда тутилади.

Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни, биринчи навбатда оилавий-маиший низоли вазиятларни ҳал қилишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини, шу жумладан фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш кераклиги келтирилган. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилади.

Шунингдек, қарорга кўра, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унга эрта барҳам бериш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказини ташкил этиш белгиланди.

Бу борада ташкилотлар ва фуқаролар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиши лозим. Давлат ва нодавлат ташкилотлари учун низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни бартараф этиш масалаларига бағишланган амалиётлар, семинар ва тренинглар ўтказиш белгиланди. Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида ҳам босқичма-босқич ҳудудий марказлар ташкил этилади.

Биз фармоннинг баъзи бандларига тўхталдик, холос. Оммавий ахборот воситаларида, жойларда ташкил этиладиган учрашув ва давра суҳбатларида мазкур қарор мазмун-моҳиятини одамларга содда тилда тушунтириш лозим. Бу каби тарғибот ишлари оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг камайиши ва олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Рустам Хуррамов,
Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани
адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

ЎзА
8 495