ЎзА Ўзбек

12.08.2019 14:06:08 Чоп этиш версияси

Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари экспорти 2 баробарга ортиши мумкин


Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Каспий иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган Каспий инновацион технологиялари ва “Туркманистон саҳроси – 2019” халқаро кўргазма ўз ишини давом эттирмоқда. Унда 21 мамлакатдан келган 50 дан зиёд йирик компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон стендида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори технологик ишланмалар, энергетика, нефть-газ, автомобилсозлик саноати каби қатор соҳаларда эришилган инновацион ютуқлар намойиш этилмоқда.

“Made in Uzbekistan” бренди остида тақдим этилаётган маҳсулотлар кўргазмасидан жой олган мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларига катта қизиқиш билдирилмоқда.

Тадбир доирасида “Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг” компанияси раиси биринчи ўринбосари Умиджон Салимов тадбирдан кутилаётган натижалар, унинг доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

photo5370829962422102853.jpg

– Туркманистонда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаларига қизиқиш катта. Жорий йилда Туркманистонга 17 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномага эришдик. Унга кўра, туркманистонлик фермер, деҳқонларга, асосан, пахта териш, экиш каби 17 турдаги қишлоқ хўжалиги ва 10 турдаги бошқа ғилдиракли техникаларни етказиб бериш кўзда тутилган. 

Бугунги кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини намойиш этяпмиз. Форум доирасида юқори техник имкониятларга эга машиналардан самарали фойдаланиш бўйича ўқувларни ташкил этишда ҳамкорликка оид келишувларга эришдик. Хизмат кўрсатишни ташкил этиш имкониятлари бўйича фикр алмашдик. Туркманистонга қишлоқ хўжалиги экспорти ҳажмини икки баробарга ошириш бугунги кунда олдимизда турган яқин марра сифатида белгиланган.