Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2018 11:43 Чоп этиш версияси

Туркманистон делегацияси Хоразмда

Туркманистон делегацияси Хоразмда
Ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир дарёдан сув ичиб, тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимизни ягона тарих, муштарак маданият ва қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Ўзбек ва туркман халқларини бир-бирига боғлаб турадиган асрий анъаналар халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бу маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ривожига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Ташриф доирасида савдо, иқтисодий, транспорт-коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

Куни кеча олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувлар доирасида Туркманистоннинг миллий маданий марказлари, музейлар, адабиётшунос олимлар, илмий тадқиқотчилар, кинематография соҳаси вакиллари ва ОАВ ходимларидан иборат делегация Хоразм вилоятида бўлди.

Икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган сафар Урганч туманидаги “Ўзбек – Туркман” дўстлик уйи ва “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуасида ҳамда Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтган ижодий учрашувлар билан бошланди.

– “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуаси билан танишиш асносида бу ерда олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишдик, – деди Туркманистон Республикаси қаҳрамони Гўзал Шоқулиева. – Меҳмонхона, туркман халқининг миллий қадрияти – ўтовлар, хизмат бинолари, хуллас, сайёҳлик ва зиёрат туризми учун барча шароит яратилган. Бугунги учрашувлар миллий урф-одат ва анъаналарни янада ривожлантириш ва асрий қадриятларни келажак авлодга безавол етказиш йўлидаги ҳамкорлигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Туркманистон делегациясининг Хоразмга сафари давом этади. Бугун меҳмонлар Хивада бўлиб шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечиради.

ЎзА
9 636