Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Туркияда Нақшбандия

Туркияда Нақшбандия
Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний (1103 – 1179) хожагон тариқатини асослади. Орадан икки аср ўтиб, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (1318 – 1389) бу тариқатни бағоят такомиллаштирди. Шунинг учун у манбаларда “хожагон-нақшбандия тариқати” сифатида тилга олинадиган бўлди. Кейинчалик бу тариқат бевосита “нақшбандия” деб аталди. Юртимиздан ислом оламининг, кейинги асрларда бутун Ер юзининг турли минтақаларига тарқалди. Жумладан, Туркияда ҳам кенг ёйилди.

Нақшбандия Усмонлилар империясининг таркибий қисмларидан бири бўлган ҳозирги Туркия ҳудудига ҳам Мовароуннаҳрдан кириб борган. Мулла Абдуллоҳ Симовий (вафоти – 1490) Истамбул мадрасаларидан бирида таҳсилини тугатганидан сўнг Самарқандга – Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ҳузурига келади. Бухорода Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилади. Юртига Хожа Аҳрорнинг халифаси мақомида қайтиб борди.

У дастлаб Симовада фаолият кўрсатди, кейинчалик Истамбулда нақшбандия тариқати хонақоҳига асос солди. Сўнг эса унинг ўрнини Бухородан келган Шайх Аҳмад Бухорий эгаллади. У нақшбандия тариқатини Онадўли ва Румэлида, яъни Кичик Осиё ва Европанинг жануби-шарқий қисмида кенг тарқатди, Истамбулнинг Фотиҳ мавзесида Шайх Аҳмад Бухорий асос солган хонақоҳ 1925 йилга қадар фаолият кўрсатиб келди.

1630 йилдан бошлаб ўша кезларда Усмонли империясининг таркибий қисми бўлган Яман ва Ҳижозга Ҳиндистондан нақшбандия-мужаддидия кириб келди. Шу сулук вакиллари орқали бу тариқат Мисрга ҳам тарқалди. Ҳиндистонда нақшбандия намояндалари миграциясининг янги тўлқини – асосан, Хожа Муҳаммад Маъсум (1669 йили вафот этган) шогирди, Ҳижоз, Миср, Сурия ва ҳозирги Туркиянинг ўзида нақшбандия тариқати ғояларини тарғиб қилган Хожа Муҳаммад Мурод ал-Бухорийнинг (вафоти – 1729) номи билан боғлиқ. У вафот этганидан сўнг Истамбул шаҳрида Муродия хонақоҳига асос солинди ва у нақшбандия тариқати Ҳиндистон шохобчасининг Туркиядаги марказига айланиб кетди. Бу жойдан эса тариқат бу ёғи Боснияга қадар етиб борди, Сурия орқали эса Фаластинга ҳам кенг тарқалди. Ҳатто, Қуддуси шариф (Иерусалим)да XVII аср бошларидан то 1973 йилгача фаолият кўрсатиб келган “Завияйи Узбакия”(“Ўзбеклар хонақоҳи”)га асос солинди.

XIX аср охирида биргина Истамбулнинг ўзида 52 та ишлаб турган хонақоҳ бўлган.

Кўриниб турибдики, Туркияда нақшбандияга қизиқиш жуда катта. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда зиёрат туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг келажаги – порлоқ. Яқин замонларда мамлакатимизга зиёратчилар ёғилиб келадиган бўлади. Ҳозир бу жараён бошланди. Аминмизки, ислом дини ва унинг бағрида шаклланган тасаввуфнинг равнақида муҳим ўрин тутган муқаддас маконлари бор юртимизга биринчи галда Туркия Республикаси фуқаролари зиёратга келишга интилади.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййиб Эрдоғаннинг давлат ташрифи билан юртимизга келган кунлари бу маълумотлардан хабардор бўлишнинг алоҳида аҳамияти бор, албатта.

Султонмурод ОЛИМ, 
филология фанлари номзоди,
“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири

ЎзА
13 059