ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Туркия ва Ўзбекистон: ҳамкорлик ривожланмоқда

Туркия ва Ўзбекистон: ҳамкорлик ривожланмоқда

Тошкент шаҳар Ёшлар марказида XIV халқаро конференциялар туркуми доирасида “Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий муносабатларнинг ривожланиши” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Истанбул Сабаҳаттин Заим университети, Анқара тафаккур ва изланиш маркази (АDAM) ва Туркиянинг ТИКА халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуман миллий иқтисодиётга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни янада такомиллаштириш, юртимизнинг туристик салоҳиятини кенгайтириш бўйича илмий таклифлар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида уюштирилган.

– Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор, Авазжон Мараҳимов. – Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлди. Яъни икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстлик алоқалари, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. 

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эрнинг таъкидлашича, дипломатия соҳасида фаолият олиб борадиган ҳар бир турк мамлакатимизда ишлашни орзу қилади. 

– Юртингизда ўз фаолиятимни бошлаганимга кўп бўлмади, – дейди Меҳмет Сурейя Эр. – Шу қисқа вақт мобайнида ўзбекистонликларга бўлган ҳурматим ошди. Бизда Ўзбекистон тўғрисида “Ота юртимиз” деган ибора бот-бот тилга олинади. Мен ота юртимда туриб, сизлар билан барча соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан. Мазкур анжуман иши икки давлат учун жуда муҳим.

Анжуманда таълим, иқтисодиёт, молия, тарихий алоқалар ва диний муносабатлардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади.

1 941
Хуршид Қодиров, ЎзА