Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 11:47 Чоп этиш версияси

Туркия режаси – 50 миллион сайёҳ, 50 миллиард доллар

Туркия режаси – 50 миллион сайёҳ, 50 миллиард доллар
2017 йилда Туркиянинг сайёҳлик соҳасидаги даромадлари 26,28 миллиард доллардан ошди. Жаҳонда эса Туркия сайёҳларни жалб этиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бормоқда. Аммо мазкур кўрсаткич мамлакат раҳбариятини қониқтирмаяпти. Ҳукумат режасига кўра, Туркия яқин муддатда бу борада сайёрамизнинг учинчи давлати бўлиши лозим. 

15.JPG

Туркия жаҳон туризм бозоридаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. 

Ўтган йили мамлакатга жами 38,62 миллион киши ташриф буюрган, шуларнинг 32,79 миллиони чет эллик, 6,55 миллион – хорижда яшовчи туркияликлардир.

01.jpeg

Mамлакат туризм соҳаси вакиллари билан учрашган Режеп Таййип Эрдўғон сўнгги 14 йилда Туркияга келаётган сайёҳлар сони 12-13 миллиондан 40 миллионга, ушбу соҳадан олинаётган даромад 12,5 миллиард доллардан 31,5 миллиард долларга етганини қайд этган.

Туркия етакчисига кўра, ҳозирги натижа билан чекланиб қолиш мумкин эмас, балки сайёҳлар сонини яна 8 миллионга кўпайтириш лозим. Туркия расмийлари туризм бўйича мамлакатнинг ҳали фойдаланилмаган имкониятлари кўплигини таъкидлайди. Қайд этилишича, эндиликда мавжуд бозорни янада кенгайтириш, хусусан, мамлакатга Яқин Шарқ давлатлари сайёҳларини кўпроқ жалб этиш чоралари кўрилади. Қолаверса, туризм соҳаси вакилларига кўмак дастури давом эттирилади. Буларнинг бари салкам 2 миллион киши иш билан банд бўлган соҳани тараққий эттиришга қаратилган.

Туризм Туркия иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳалардан. Бу тармоқ сўнгги ўн йилликларда анча тараққий топиб, айни дамда салкам икки миллион кишини (510 минг киши бевоста, 1,5 миллион киши эса билвосита) иш билан таъминлаган.

Туркия бу соҳа ривожи йўлида барча имконият ва шароитларга эга – мамлакатнинг 355та пляжи бор 7200 километрлик соҳилларини тўртта (Ўрта ер, Эгей, Мармор ва Қора) денгиз сувлари ювиб туради.

03.jpg

Туркияда 700 минг ўринга эга 2870та меҳмонхона сайёҳларга хизмат қилади. 

04.jpg

Маъданли сувлари бўйича Туркия Европада иккинчи, жаҳонда еттинчи ўринда туради. 

05.jpg

Туркияда диққатга сазовор жойлар (қадимги Грек, қадимги Рим шаҳарларининг вайроналари, Византия ва Усмонли халифалик ёдгорликлари) жуда кўп. 

06.jpg

Саёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган минтақалар қуйидагилар: 

Истамбул – бу ерда ислом ва Византия ёдгорликлари кўп. 

07.jpg

Каппадокия – бу ерда вулқон туфайли пайдо бўлган ноодатий кўринишлар ва ғор шаҳарчалари бор.

08.jpg

Euromonitor International маълумотларига кўра, жаҳондаги сайёҳлар ташриф буюрадиган 100та шаҳар орасида Анталия 10-ўринни эгаллади.

09.jpg 

Анталия –Туркиядаги сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланади. Туркияга келаётган сайёҳларнинг 34 фоизи айнан мана шу шаҳарга келишади.

10.jpg

Анталия – Туркия жанубидаги курорт ва порт шаҳри, Анталия вилоятининг маъмурий маркази. Шаҳарда бир миллионга яқин муқим аҳоли истиқомат қилади, аммо ёз ойларида сайёҳлар оқими кўпайиши муносабати билан аҳоли сони 2 миллиондан ошиб кетади. Анталия шартли равишда иккига – янги ва эски шаҳарга бўлинган, аммо маъмурий жиҳатдан бешта – Оқсу (Aksu), Дёшемеалти (Döşemealtı), Кепез (Kepez), Коньяалти (Konyaaltı), Муратпошшо (Muratpaşa) туманларидан ташкил топган. Анталиянинг қадимий даврлардан бери мавжудлиги тарихдан маълум. Вилоят ҳудудларида ибтидоий одамлар яшаган манзилгоҳлар топилган. Тош ва бронза асрларига оид ёдгорликлар сақланиб қолинган. Асрлар давомида гуллаб яшнаган Анталия минтақаси VIII асрда юз берган кучли зилзила, денгиз қароқчиларининг мунтазам босқинчиликлари оқибатида таназулга юз тутди. Салжуқуйларнинг кириб келиши билан Анталия XI асрдан бошлаб оёққа турди. Ўша
даврдан бошлаб минтақага ислом дини ёйила бошланди.

11.jpg

1118 йилда Анталия Византия империясининг анклавига айланди. Чунки шаҳар Византиядан анча узоқда жойлашган бўлиб, бу ерга фақат денгиз орқалигина келиш мумкин эди. 1119 йилда Анталия Византияга қўшиб олинади. 1207 йилда эса салжуқийлар узил-кесил минтақа устидан ҳукмронликни ўрнатади ва грекча Атталия ном Адалия сифатида ишлатила бошланди. Бироқ орадан кўп ўтмай маҳаллий аҳоли исён кўтарди. Шаҳар иккинчи бор турклар томонидан 1216 йилда эгаллаб олинади.

1321–1423 йилларда Адалия мустақил Теке беклигининг маркази бўлди. 1423 йилда беклик Усмон халифалиги томонидан эгаллаб олинди. Айни ўша даврдан бери шаҳар Анталия, деб атала бошланган.

12.jpg

Бу номнинг Анатолия минтақасига мутлоқо алоқаси йўқ. Усмоний халифалик даврида Анталия денгиз савдо порти сифатида муҳим роль ўйнаган, маҳаллий бозор минтақадаги энг йирик савдо маркази эди. Айнан шу шаҳардан бошқа шаҳарларга кемалар йўлга чиқарди.

Биринчи жаҳон урушидан кейин 1919–1921 йилларда Анталия Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги миллий-озодлик ҳаракатининг марказига айланди. Бунинг натижаси ўлароқ Анталия Туркия Жумҳурияти таркибига кирди. XX аср давомида мунтазам ривожлана борди ва босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги, тери саноати, денгиз транспорти ва логистика тараққий этган шаҳарга айланди. 

Ўтган асрнинг сўнггида Туркия туризм саноатининг кенг қирралари очилиши сабабли Анталия мамлакатнинг муҳим сайёҳлик марказларидан бирига айланди. Замонавий Анталия – йирик тараққий этган шаҳар бўлиб иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги, туризм, савдо ва енгил саноат муҳим ўрин тутади. 

2010 йилдан бошлаб сайр яхталари ишлаб чиқаришга катта аҳамият қаратила бошланди.

15.jpg

Тан олинишича, шаҳар денгиз соҳилларида жойлашганига қарамай балиқчиликка катта аҳамият берилмайди. Савдо ва туризм бир-бирига боғлиқ сифатида кўрилади. Чунки сайёҳлар оқими кўпайган сари савдо ҳам ривожлана боради. Савдо ривожланса сайёҳар кўпаяди. 

Шаҳар ва шаҳар атрофида меҳмонхона ва отелларнинг сон-саноғи йўқ. Анталия мамлакатнинг бошқа шаҳарлари билан ҳаво, денгиз, автобус ва темир йўл транспорти орқали боғланади. 

16.jpg

Шаҳардан 35 километр жанубда қадимий Аспендос шаҳрининг қолдиқлари бор. Эрамиздан аввалги 333 йилда шаҳар Александр Македонский қўлига ўтади. Эрамиздан аввалги иккинчи асрда шаҳарни Рим империяси қўлга киритади. Иқлим ва жойлашуви сабабли бу шаҳар йирик савдо марказига айланди. Айни дамда Аспендосда римликлар театри яхши сақланиб қолинган.

14.jpg

Туркия жанубий соҳилларида эса денгиз курортлари жуда ҳам кўп. Шунингдек, антик маданият, қадимий рим ва қадимий грек шаҳарларининг қолдиқларини кўриш ниятида келувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Туризм соҳасига тўсиқ бўладиган ҳар қандай кўринишларга қарши ҳукумат кескин чоралар кўриб келади. Бундан кўзланган бирдан бир мақсад саёҳлик бизнеси бўйича жаҳонда бешинчи ўринга чиқишдан иборат.Сайёҳлик саноати ўз олдига 2023 йилга бориб мамлакатга ҳар йили ўртача 50 миллион сайёҳ келишини таъминлаш йўлида иш олиб бормоқда. Бу дегани хазинага ўртача 50 миллиард АҚШ доллари тушишини таъминлайди. Айни дамда сайёҳликни ривожлантириш йўлида 281 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов

10 057