ЎзА Ўзбек

16.07.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Турк халқи бу кеча бир достон битган эди

d55dc77dee05853246107551ef1ee6880426.jpgТуркия Қуролли Кучлари ичида ин қурган Фатҳуллаҳчи террор ташкилоти (ФЕТО) аъзолари 2016 йил 15 июль куни Туркияда қонли давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган эди.

Бу уриниш Анқара ва Истанбулда бир вақтда бошланган, Истанбулда Бўғозичи ва Фатиҳ Султон Меҳмет кўприклари, Отатурк номидаги халқаро аэропорт ва Истанбул ички ишлар бош бошқармаси бинолари террорист тўнтарувчилар томонидан қисқа вақтга бўлса-да, қўлга олинган, ички ишлар ва миллий хавфсизлик идораларига тегишли баъзи биноларга самолёт ва вертолётлар билан ҳужум уюштирилган эди.

Туркия Республикаси тарихида илк маротаба Президент Аппарати, Бош вазир девони ва Туркия Парламенти биноси террористлар тўдаси аъзоси бўлган учувчилар томонидан бомбардимон қилинган эди.

Давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатлари бошлангандан бироз муддатдан сўнг телевизион каналлардан жонли эфирда халққа даъват билан чиқиш қилган Президентимиз Эрдўғон бу давлат тўнтаришига уринишнинг Туркия Қуролли Кучлари ичига сизиб кирган террористик ташкилот аъзоларидан ташкил топган бир ҳовуч хоинларнинг иши эканлигини айтган. Турк халқига ўз демократияси ва миллий иродасини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқиб террористик тўнтаришга қарши оёққа туришга чақирган эди. Бу даъватга жавобан Туркиянинг барча вилоят ва шаҳарларида юз минглаб аҳоли тўнтариш ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун кўчаларга чиқди.

tuntarish1.jpg

Ўша кеча содир бўлган воқеалар Турк армияси ичига узоқ йиллар олиб борган яширин ва маккорларча ҳаракатлари билан сизиб кирган, ўзини “коинот имоми” сифатида кўрувчи девона одамга мутеъ бўлган хоинларнинг Туркия давлатига қарши ҳужуми эди. Улар миллат армиясининг яна миллатга тегишли қуролларини қўлга киритиб, миллатнинг юрагига ханжар каби санчган сотқинлар эди. Ўз миллат парламентини бомбардимон қилган, қуролсиз фуқароларнинг устига танклар билан бостирган, уруш самолётлари ва вертолётларидан ўққа тутган террорист тўнтарувчилар бу хоинликка қарши оёққа турган, Республикаси ва демократиясини ҳимоя қилган 251 фуқаромизнинг жонини олди, 2000 дан ортиқ фуқаромизни жароҳатлади. 

LR1EC7G01JWEF_vs.jpg

Турк халқи ўша кеча жуда қийин шароитларда, баҳамжиҳатлик кўрсатиб тўнтарувга қарши турди, ўзларининг умумий демократик идеали атрофида жипслашиб, бир достон битди. 15 июль санаси Туркия Республикасининг ва Турк миллатининг тарихида демократия ғалаба қилган кун сифатида ўрин олди.

Ортга қараганимизда, бу аламли воқеадан кейин турк миллати учун бир ғурур сабаби юзага келганини кўрамиз. Бу ғурур — Турк халқининг миллий иродасини ва демократиясини сақлаб қолиш йўлидаги жасорати ва қатъийлигига асосланади. Туркия парламенти дарҳол мажлис чақириб, тўнтарув уриниши бостирилгунига қадар ўз вазифасини бажарди, жамиятнинг ва сиёсий ироданинг ҳар бир табақасига мансуб бўлган фуқароларимиз хоинларга қарши кўчаларга чиқди, телевизион каналларимиз тўнтарувчиларнинг таҳдидларига, босқинларига қарамай эфирда қолишда давом этишди. Турк миллати бутун дунёга демократияни ҳимоя қилганини ва ҳимоя қилажагини намойиш этди. Туркияга қуролли тўдалар эмас, фақатгина демократик йўллардан сайланган ҳукуматлар ва миллий ирода ҳоким бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди.

1026721746.jpg

Туркия Республикаси давлати аслида Фатҳуллаҳ Гуленнинг ҳақиқий юзини 15 июлдан аввал англаган ва ҳаракатга тушган эди. Бу тузилманинг давлат ичидаги малайларини фош қилиш учун ғайрат кўрсатаётган эди. Бу тадқиқотларда муҳим кўрсаткичларга ҳам эришилган эди. Бироқ 15 июлдаги давлат тўнтарувига уриниш ҳодисаси қаршимиздаги хавфнинг тахмин этганимиздан анча катта эканлигини, жуда чуқур ва реал эканлигини оғриқли тарзда намоён этди.

Турк миллати 15 июль кечаси демократиянинг осонлик билан қозонилмаслигини, лекин унинг йўлида жондан ҳам кечиладиган бебаҳо бир неъмат эканлигини бутун жаҳонга намойиш этди. Туркия 15 июль воқеаларидан кейинги ўтган икки йил давомида маъмурий, жиноий ва ҳуқуқий текширувлар олиб борди. Туркия адлия органлари давлат тўнтарувини ишлаб чиққан ва амалга оширган бу тузилма ҳақида жуда катта фактларни аниқлади. Кўрилган тадбирлар билан бу тўданинг Туркиядаги уяси йўқ қилинди. Бироқ бу хавф Туркия билан чегараланиб қолмаган.

4370294.jpg

Ташкилотнинг кўпгина давлатларда Туркиядагига ўхшаган тузилмалари мавжуд. Улар ҳозирда бошқа давлатларнинг ичида хиёнат уруғларини экишда давом этмоқда. Тирик қолиш учун бу сафар янада фаол тарзда глобал миқёсда иқтисодий ва сиёсий обрў орттириш пайига тушганлар. Туркия барча дўст давлатларни яширин ва айёрона ҳаракат қилаётган бу хавфли террористик ташкилот тўғрисида ҳар фурсатда огоҳлантирмоқда.

АҲМЕД БАШАР ШЕН,
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси

6 393