ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Туризм соҳасида Ўзбекистон ташаббуси МДҲ ижроия қўмитаси томонидан маъқулланди

Туризм соҳасида Ўзбекистон ташаббуси МДҲ ижроия қўмитаси томонидан маъқулланди

МДҲ мамлакатларининг "Ишбилармонлик ташаббуслари ҳафталиги" доирасида туризм бўйича онлайн форум ўтказилди. 

Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон раислиги остида ўтган мазкур форумда МДҲ ижроия қўмитаси, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Туркманистон туризм маъмуриятлари ҳамда МДҲ мамлакатларининг 50 дан ортиқ сайёҳлик компанияси, уюшма ва авиакомпаниялар вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси номидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов қатнашди.

Иштирокчилар МДҲга аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан COVID-19 пандемиясининг туризм саноатига салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бунда МДҲ Туризм бўйича ижроия қўмитаси вакили Татьяна Ковалева коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни, шунингдек, туризм фаолияти субъектларига давлатнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини юқори баҳолади.

Форум якунида Ўзбекистон Республикаси томонидан МДҲ Туризм кенгаши ҳузурида туризм идораларининг масъул раҳбарлари даражасида тезкор муносабат билдириш гуруҳини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Ташаббус сайёҳлик бизнесининг манфаатини инобатга олган ҳолда, пандемия ва туризм соҳасидаги вазият, халқаро туристик саёҳатлар учун янги талаблар, шунингдек, янги туристик мавсумга тайёргарлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида сайёҳлик компанияларига ишончли маълумот олишини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Эътиборли жиҳати, ушбу ташаббус МДҲ ижроия қўмитаси, туризм идоралари вакиллари ва Форум иштирокчилари томонидан маъқулланди ва қўллаб-қувватланди.

МДҲ ижроия қўмитаси бу гуруҳ ишини ахборот билан таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтида алоҳида ахборот блокини ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.

3 324
ЎзА.