ЎзА Ўзбек

02.06.2018 07:17 Чоп этиш версияси

ТУРИЗМ: хорижлик сайёҳларнинг эътирозига ўрин бор

ТУРИЗМ: хорижлик сайёҳларнинг эътирозига ўрин бор
Биз хорижлик сайёҳларнинг мамлакатимиз ҳақидаги илиқ таассуротларини тинглашга ўрганиб қолганмиз. Улар асосан бизнинг меҳмондўстлигимиз ва миллий таомларимизни кўкларга кўтарадилар. Сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, сервис хизмати ҳақида деярли лом-лим дейишмайди. Туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган айни пайтда хорижлик сайёҳларнинг ҳам фикрларига қулоқ солиш керакмасмикан?

– Мен Туркиянинг курорт шаҳари бўлган Анталияда ўқийман, шу боис туризм бўйича ўз қарашларим бор, – дейди Акдениз университети докторанти, молдовалик Дмитрий Неагу. – Бухоро, Самарқанд шаҳарларга уюштирилган саёҳатлар давомида кўрганларимдан келиб чиқиб, баъзи бир мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Одатда, сайёҳлик индустрияси ривожланган мамлакатларда туристларга бир тур давомида комплекс дастур таклиф этишади ва унга умумий харажат ставкаси белгиланади: транспорт, овқатланиш, сув ҳавзалари, тарихий объектларга ташриф, гид хизмати ва ҳ.к. Ўзбекистонда шу жиҳатдан бироз оқсаш бор экан: ҳар бир обидага борганда биз алоҳида пул тўладик, у ердаги қўшимча хизматларга ҳам алоҳида пул олишар экан. Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарлардаги тарихий обидалар вакиллари ўзаро келишиб, маҳаллий ва хорижий шахслар учун битта тўлов тизимини жорий этиши мумкинку. 

Кўрсатиладиган хизматлар ва сотиб олиши мумкин бўлган товар ва маҳсулотларнинг ўртача нархини чиқариб, кичик буклет кўринишида тарқатиш керак. Сайёҳларда бунга эҳтиёж катта. Қолаверса, ҳар бир сайёҳнинг қўлида йўналиш хариталари бўлиши лозим.

– Автотураргоҳларда ноқулайликларни кузатдим, уларни замонавий талаблар асосида ташкил қилиш керак, деб ўйлайман, дейди Куния шаҳридаги Селчук университети талабаси, бангладешлик Лабиб Файсал Хан.

– Ўзбекистондаги тарихий обидалар, асосан Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган йирик шахслар шарафига қурилган, – дейди Измирдаги “9 сентябрь” университети докторанти, қирғизистонлик Достонбек Раззоқ ўғли. – Табиийки, бу ерга келувчилар ҳам ислом динига эътиқод қилувчилар бўлади. Улар бундай муборак жойларда намоз ўқиб, улуғ инсонларнинг руҳига дуо қилишни истайдилар. Аммо биз борган манзилларнинг кўпида таҳорат олиш учун шароит яратилмаганига гувоҳ бўлдик. Ҳожатхоналар ҳам талабларга жавоб бермайди.

Сербиялик Эльмаза Сабанович, Мармара университети 3-курс талабаси:

– Европадан келган сайёҳ Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса рус тилини билмаса қийналар экан. Тарихий объектларни томоша қилиш мароқли, аммо турист учун бунинг ўзи етарли эмас. Чет эллик одамларни қизиқтириш учун турли тадбирларни уюштириш керак. Масалан, Истанбулдаги Дўлма Бахче саройида мактублар ёзилади. Бу Отатурк яшаган ва вафот этган сарой бўлиб, агар Отатурк тирик бўлганида қандай тилак ва истакларингиз бўлган бўларди қабилида... сўнг уларнинг ичидан яхшилари танланиб, сайтга қўйилади, яъни зиёратчиларни қизиқтиришади.

Молдовалик Анна-Мария Панку, Кайсери шаҳридаги Эржиес университети магистранти:

– Ўзбекистон ҳақида Ғарбий Европада тарғибот бор шекилли, саёҳат давомида Германия, Франция каби мамлакатлардан келган инсонларни учратдим. Аммо полякларга, венгрларга (ваҳоланки уларнинг ўзбек заминига тарихан боғлиқлик томони бор), словакларга, болгарларга Ўзбекистон ҳақида маълумот берилмайди? Менимча, айнан шу ҳудудларда Ўзбекистон тарғиб қилинса, бу ерга келишни истовчилар айнан шу ерда кўпроқ топилади. Масалан, менинг отам ҳам совет замонида геолог сифатида Ватанингизга келган. Биринчи марта мазкур лойиҳа ҳақида эшитганимда, отам борган юртга бориш иштиёқи уйғонган эди. 

Бундай фикрларни ўқигач, хорижлик сайёҳларнинг эътирозларини ҳам тинглай билишимиз керак экан, деган хулосага келдим.

Дилноза Умарова, ЎзА
6 227