ЎзА Ўзбек

24.08.2018 16:17 Чоп этиш версияси

Тунги ҳаёт ниқобида «оммавий маданият»ни тарғиб қилманг!

Тунги ҳаёт ниқобида «оммавий маданият»ни тарғиб қилманг!
Гай Саллюстий Крисп Юлий Цезарга ёзган мактубларидан бирида қуйидагича насиҳат қилади: «Ҳеч қачон ўз давлатингда ахлоқсиз инсонларнинг фақат пулдорлиги учун обрў топишига йўл қўйма! Чунки ахлоқли камбағал инсондан кўра, ахлоқсиз бой жамиятда обрў топса, ахлоқсизлик ўша жамиятда урф бўлади. Шунда империя ҳар қанча қудратли бўлса-да, у таназзулга юз тутади».

Тунги клублар... У пулдорларни қизиқтириши табиий. Уларнинг аксарияти бу ерга кўнгилхушлик учун келишса, айримлари учун пул топиш манбаига айланган. Чунки назоратдан четда бўлган ушбу жойлар ана шундай кимсалар учун айни муддао.

“Тошкент зерикарли шаҳар”, деганлар уни бир бор тўлиқ айланиб чиққанига шубҳа билан қарайман. Чунки ҳар қадамда маданият, маърифат масканлари – кинотеатрлар, концерт заллари, йирик кутубхоналар, музейлар, хиёбонлар, спорт мажмуалари... шундай жой зерикарли бўлиши мумкинми?!

– Инсон қачон зерикади, қачонки, унинг фойдали юмуши бўлмаса, – дейди ёш ҳуқуқшунос. – Ўзим тунги клубларни ёқтирмасам-да, лекин шундай жойда бир марта бўлганман. Анча олдинроқ Фарғонада меҳмон бўлгандим. Мезбонлар қўярда-қўймас мени тунги клубга олиб боришди. Тун ярми. У жойда соғ одамнинг ўзи йўқ эди. Бир-бирини тутундан кўриб бўлмас, шовқиндан эшитиб бўлмас эди. Мижозлар асосан ёшлар. Улар орасида қизлар ҳам бор. Аксарияти хорижда ишлаганлар экан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрганларга кўзим тушди. Уларнинг кимлигини сўраганимда, «Тошмат жаҳон чемпиони, Эшмат Осиё чемпиони, бари спортчилар», дейишди ҳамроҳларим. Чемпионларимиз ўзларини кўз-кўз қилишларига шу ерни танлашганига ҳайрон қолдим. Очиғи, спиртли ичимлик ичгунимча бу ерга келиш ниятим йўқ эди. Ақлни йўқотгач, у ерга боришга кўндим. Бундан англаш мумкинки, бундай жойларга маънавияти соғлом одам бормайди. 

Дарҳақиқат, Ғарб мамлакатларидан юртимизга кириб келаётган, маънавиятимиз ва урф-одатларимизни бузишга йўналтирилган таҳдидлардан бири, шубҳасиз, тунгги клублардир. Ваҳоланки, улар дунё халқларини ғарблаштиришга, яъни ўз маданиятларини бошқаларга ҳам сингдиришга, ўзгалар онгига эгалик қилишга интилишлари яққол намоён бўляпти. Иқтисодий салоҳияти мустаҳкам бўлган давлатлар бу мақсад учун мисли кўрилмаган даражада маблағ ажратаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Зеро, «замонавийлик» ниқобида тиқиштирилаётган бундай иллатлар халқлар маданиятини, маънавиятини йўқ қилишга қаратилгани билан ҳам хавфлидир. 

Тошкентдаги тунги клубларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатсангиз, уларда эълон қилинаётган суратларни кўриб, «наҳот ўзимизда, пойтахтимизда шундай аҳмоқгарчиликларга йўл қўйилаётган бўлса?!» дея ёқа ушлайсиз. Ярим яланғоч, ҳаёсизликни тарғиб этувчи рақсларга тушаётган қизлар, спиртли ичимликларни тинимсиз ичаётган, тамаки чекаётган ёш-яланглар...

– Шанхайда ҳам тунги клублар бор, – дейди Хитойда фаолият юритаётган тадбиркор юртдошимиз. – Аммо улар тўлиқ давлат назоратида. Ҳар бир клубда махсус тайёргарликдан ўтган қўриқчилар ишлайди. Улар келган одамни кийимига, ёшига ва юришига қарайди. Одамлар бино ичига киргунича уч-тўрт жойдан кучли текширувдан ўтказилади. Ҳатто баъзи шундай клубларга фақат таклифнома билан киритилади. Сеулда ҳам шундай тартиб борлигини кўрганман. Улардаги тунги клублар ҳам давлат қонун-қоидаларига бўйсунади. Биздаги ва хориждаги тунги клублар ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Афсуски, Ўзбекистондаги тунги клублар ҳеч қандай стандартларга ҳам санитария талабларига ҳам жавоб бермайди. 

Кузатишларимизга кўра, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган тунги клублар аллақачон фаҳш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, маънавиятсизлик масканига, ҳаёсизлик бозорига айланиб улгурган. Шуни кўра-била туриб, Никита Макаренконинг «тунги ҳаёт» ниқобида тунги клублар фаолиятини ёқлаганига, мамлакат иқтисодиёти билан боғлаганига ҳайрон қоласан киши. Агар буни бирор хорижлик журналист, ёки ОАВ айтганида, турли саволлар пайдо бўлмасди эҳтимол. Шахсан мен буни шундай изоҳлаган бўлардим. Одам бирор нарсадан норози бўлса, атрофдаги дўсту биродарларидан хафа бўлиши мумкин. Лекин ўз Ватанига нисбатан адоватда бўлишини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди. 

gazeta.uz сайтига ҳамда «Маънавият» Тошкентни барбод қиладими?» сарлавҳали мақола муаллифига айтар сўзимиз бор. Тунги ҳаёт ниқобида «оммавий маданият»нинг жамиятга таъсир кўрсатиши ёки ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги ҳақида истаганча ёзинг, хоҳлаган ОАВда эълон қилинг. Эҳтимол, сизни қўллаб-қувватловчилар ҳам топилиб қолар. Аммо ҳеч қачон нафақат Ўзбекистон, балки дунё бешиги саналадиган азим Тошкентни сайёҳлар, инвесторлар учун зерикарли, дейишга ҳақингиз ҳам, ҳуқуқингиз ҳам йўқ! 

Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА
24 687