ЎзА Ўзбек

03.06.2018 09:37 Чоп этиш версияси

Тухум Тожикистонга экспорт қилинади

Тухум Тожикистонга экспорт қилинади
Паррандачилик етти хазинанинг бири. У сердаромад соҳа, шу билан бирга меҳнати жуда нозик. 

Ишчи гуруҳида Балиқчи туманидаги “Навниҳол” МФЙ ҳудудида “Обод юрт файзи” паррандачилик фермер хўжалиги фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Корхона раҳбари, камтарин, одамохун тадбиркор Зафариддин Насиббоевнинг айтишича, ҳозир хўжаликда 18 минг дона парранда боқилмоқда. 

1f93dff5-ee90-433b-9af5-ac71e1bde5cd.jpg

– Ишни 2015 йили 500 та товуқ билан бошлаган эдик. Жўжаларни бир кунлигидаёқ олиб келамиз. Нархи 4 минг сўм, – дейди шижоатли тадбиркор. – Асакадаги “Парранда ҳамкор” корхонаси соғлом, ҳаракатчан, тетик ва кафолатли жўжаларни етиштириб бермоқда. Бир ойда уларни ажратиб оламиз. Ичидан 5 фоизи хўроз бўлиб чиқади. Товуқлар 100 кунлик бўлганида тухумга киради. Томоғига яхши қараб, овқат калориясини мувозанатлашган, тўйимли тарзда ҳолда бериб турса, нақд хазинанинг ўзи. Бир кунда 16 минг дона мағзи тўқ ва йирик тухум оламиз. Бир қути яъни флейкасини 16 минг сўмдан сотаяпмиз. Шунда донаси 433 сўмдан тушаяпти. Дона ҳисобига биз қилинаётган сарф-харажат билан топаётган фойдамиз ўртасидаги фарқ камроқ, аммо оз-оздан қолса ҳам кўпдан кўп қолади. Саккизта ишчимиз бор. Саранжом-саришталик, тухумларни тез-тез йиғиб олиш, овқатини бир текисда беришади. Уларга 700 минг сўмдан ойлик бераман. Рўзғорига ҳам тухум керак бўлса, олиб ишлатаверишади. 

– Паррандани боқишда нимага эътибор қаратиш керак? Четга тухумнинг қанчасини экспорт қилаяпсиз? 

– Парранда учун баҳор ва ёз фасллари ғоят қулай шароит ҳисобланади. Жониворлар ана шу фаслларда тез вояга етиб, куз ойларида тухум бера бошлайди ва қишловга бақувват ҳолда киради. Паррандахона қишда иссиқ, поли мустаҳкам, текис ва силлиқ бўлиши муҳимдир. Ёзда эса ҳаво ҳарорати юқори даражада исиб кетмаслиги керак. Албатта, бу тавсиялар махсус паррадахоналари йўқ, уйда товуқ етиштиришни истайдиганлар учундир.

Бизни технологияларимиз замонавий. Кўчада ҳарорат 42 даража бўлса ҳам бу ерда мўътадил иқлим ҳукмрон. Ҳозирча олаётган тухумларимиз тумандаги савдо дўконларидан ортмаяпти. Бизнинг тахминий ҳисоб-китобларимизга кўра, туман эҳтиёжлари учун кунига 50 минг дона тухум керак. Балиқчида яна икки-учта йирик ишлаб чиқарувчилар бор, аммо улар ҳам бу эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмайди. Шу сабабли ҳатто Наманган вилоятидан ҳам сотиш учун тухум олиб келишади. 

Ишимизни кенгайтириш учун янги комплекс харид қилдик. Шу ойда яна 30 минг парранда келтирамиз. “Саноатқурилишбанк”дан 300 миллион сўм кредит ажратилмоқда. Хитойдан бир ҳафта ичида паррандачилик жиҳозларини 70 минг долларга олиб келаяпмиз. Қўшни давлатлар чегаралар шаффолашиб, тадбиркорларга жуда яхши бўлди. Яқинда тожикистонлик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказдик. Ҳозир бу давлат тухумни жуда катта миқдорда четдан импорт қилмоқда. 

Уларга ҳар куни 25 минг дона сараланган, тиниқ ва бир хил ҳажмдаги тухумларни сентябрдан бошлаб экспорт қилишни йўлга қўямиз. Камида 500 сўмдан олдиндан пул ўтказиш йўлида билан харид қилишади. Ўзлари техникасини олиб келиб, шу ернинг ўзидан олиб кетишади. Мен ишсиз юрган ёки янгидан бизнес бошламоқчи бўлган ёшларимизга товуқ боқинг, деб уқтириб келаяпман. У тухумдан қолганидан кейин ҳам колбаса цехлари ва ошхона хўжаликлари парҳез гўшт маҳсулоти сифатида бемалол фойдаланиши мумкин. Ҳатто гўнги ҳам жуда кучли ўғит ҳисобланади. Уни ҳам инновацион технологиялар асосида қопчаларда минерал ўғит сифатида бозорга чиқариб сотиш режамиз ҳам бор. 

Лазиз Раҳматов,
журналист

8 084