ЎзА Ўзбек

14.06.2018 21:07 Чоп этиш версияси

“TУИТ мобайл“: талабалар учун яна бир қулайлик

“TУИТ мобайл“: талабалар учун яна бир қулайлик
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида замонавий мобиль алоқа технологиялари ўқув лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қ.Йўлдошев, Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Т.Тешабоев, “Билайн-Ўзбекистон” компаниясининг бош директори Д.Шуков ва бошқалар мамлакатимизда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам ўзининг амалий натижаларини бераётганини таъкидлади. Университетда ишга туширилган замонавий мобиль алоқа технологиялари ўқув лабораторияси ҳам бундай саъй-ҳаракатлар муштараклигида талабаларнинг назарий ва амалий билимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

IMG_0131.JPG

Янги замонавий мобиль алоқа технологиялари ўқув лабораторияси талаба ва академик лицей ўқувчиларининг пухта билим олиши учун яна бир қулай имкониятдир. Кенг ва ёруғ хона замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда олийгоҳ ёшлари уяли алоқа операторлари ускуналари билан ишлашни ўрганади. Улар 3G ва 4G тармоқларида махсус ўрнатиладиган таянч станциялар ёрдамида университетнинг асосий биноси ҳудудида мобиль алоқа фаолиятини мустақил равишда таъминлай олади.

– Бугун биз “Билайн“ тармоғида ишлатиладиган ускуналарга асосланган ҳудуддаги биринчи мобиль алоқа операторининг ишга туширилганига гувоҳ бўлдик, – деди “Билайн-Ўзбекистон” компаниясининг бош директори Д.Шуков. – Мақсадимиз фақат асбоб-ускуналарни ўрнатиш эмас, балки ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ушбу ускунада учинчи ва тўртинчи курс талабаларини мунтазам равишда ўқитиш, кейинчалик уларни иш билан таъминлашдир.

Тадбирда иштирокчилар мобиль алоқа технологиялари ўқув лабораторияси билан танишди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 357