Цзян Янь: Хитой Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдамини юксак қадрлайди
Аввал хабар қилинганидек, бугун эрта тонгда Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг коронавирус билан курашаётган Хубей провинциясига энг зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатди.
Аввал хабар қилинганидек, бугун эрта тонгда Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг коронавирус билан курашаётган Хубей провинциясига энг зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатди.
ЎзА мухбири Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида гуманитар юкни жўнатиш маросимида иштирок этган ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хонимдан Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуси ҳақидаги фикрларини сўради.
– Хитойнинг Хубей провинциясида коронавирус аниқланган дастлабки кунларданоқ Хитой ҳукумати ва халқи мамлакат раҳбари Си Цзиньпин бошчилигида мазкур касалликка қарши курашиш борасида қатъий ва мақсадли чораларни кўрди, – деди Цзян Янь хоним. – Бугунги кунга келиб муайян ижобий натижаларга эришилди. Таъкидлаш жоиз, ҳозир вазият ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Айнан мана шундай долзарб кунларда Хитой халқи Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шакллантирилган инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиб олмоқда. Тўғриси, бу ҳар қандай кишини тўлқинлантиради. Хитойда шундай гап бор: “Дўстлар бир-бирига оғир кунда ёрдам бериши керак”. Бу ўзбек халқининг “Дўст кулфатда билинар” деган мақоли билан ҳамоҳанг. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва халқи томонидан кўрсатилаётган беминнат ёрдамни чуқур ҳис этиб турибмиз. Бундай илиқ муносабатни Хитой юксак қадрлайди.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ХХР Раиси Си Цзиньпинга мурожаат йўллаб, ўзбек халқи Хитойни ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаши, бирдамлик изҳор қилишини таъкидлаганди. Давлат раҳбари сўзларининг исботи сифатида, дарҳол Хубей провинцияси учун жуда зарур бўлган маҳсулотлардан иборат гуманитар ёрдам юборилди.
Ўзбекистон ва Хитой азалий дўст. Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли стратегик шериклик мунтазам ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг навбатдаги дадил қадами, ушбу тадбир, мана шу инсонпарварлик юки ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасини акс эттиради. Биз яхши англаймизки, бу шунчаки юк эмас. Чин юртига керакли маҳсулотлар билан бирга чуқур бирдамлик ҳис-туйғуси йўлланмоқда.