ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

“Трастбанк” янги бинода...

“Трастбанк” янги бинода...

Юртимизда Наврўз шукуҳи бошланган шу кунларда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Термиз филиали янги бинода иш бошлади.

Замонавий ва миллий архитектура андозалари асосида барпо этилган янги бинонинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, молия муассасалари раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар ҳамда банк мижозлари иштирок этди.

Тадбирда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки бошқаруви раиси С.Нормуҳаммедов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда молия-банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз ободлиги ва халқимиз тўкинлиги учун хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам банк тизимини янада ривожлантириб, филиаллар тармоғини кенгайтириш, жорий йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилишини таъминлаш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.

photo5397716582249114835.jpg

Вилоятда ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Термиз филиали ўтган йилларда мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб, уларнинг ишончини қозонди. Қулай кредит маблағлари билан кўплаб тадбиркорлик субъектларининг молиявий ривожланишига яқиндан кўмаклашди. Уч қаватли кенг, шинам ва кўркам бинода банкни мижозлар билан янада яқинроқ қилиш, уларга тезкор, самарали хизмат кўрсатиш учун барча замонавий шароит яратилган.

– Мижозларнинг нақд пул муомаласи билан боғлиқ ишлар, хориждан жўнатилган маблағни олиш, валюта айирбошлаш, пластик карта очириш каби хизматларимиздан фойдаланиши учун биринчи қаватда етарли шароит мавжуд, – дейди "Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Термиз филиали раҳбари Ж.Раҳматов. – Бу ерда уларга тезкор хизматлар кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилди. Кенг, шинам хоналар зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.

photo5397820129615653691.jpg

Айни пайтда мазкур банкнинг Сурхондарё вилояти туманларида олтита банк хизматлари маркази фаолият юритмоқда. Жорий йил якунигача бошқа туманларда ҳам худди шундай марказлар ташкил этилиб, мижозларга банк хизматлари кўрсатиш кўлами янада кенгаяди. Жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган кредитлар ҳажми оширилади. Бу воҳанинг иқтисодий ривожланиб, янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этади.

Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.

2 102
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА