ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Ахборот хизмати баёноти

“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Ахборот хизмати баёноти

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти фуқароси Ғайрат Обиджоновнинг 3 ой давомида “Трастбанк”нинг Фарғона филиали хорижий валютада кредит олиш борасида қолдирган салбий фикр-мулоҳазалари юзасидан “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ахборот хизмати расмий баёнот беради.

“Nano Friction Korea” қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамиятининг Ўзбекистон таъсисчиси Ғайрат Обиджонов автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ғояси борлигини "Трастбанк"нинг Фарғона филиали мутахассисларига оғзаки маълум қилиб, мазкур СТАРТАП-лойиҳани амалга ошириш учун долларда кредит маблағлари талаб этилиши ҳақида гапириб ўтган. Бироқ, ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича талаб этиладиган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда банк филиалига ариза билан мурожаат қилмаган.

Мижозга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бош офис ва Фарғона филиали мутахассислари иштирокида 2019 йилнинг 5 декабрь куни учрашув ўтказилди. Учрашувда лойиҳанинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш мақсадида сотиб олинадиган дастгоҳларнинг ишлаб чиқариш қуввати, хориждан ва Ўзбекистон ичида сотиб олинувчи хомашёлар, маҳаллийлаштириш даражаси бўйича режа, хомашёларни сотиб олиш учун маблағлар, лойиҳага жалб қилинувчи иш кучи сони, сотиб олинадиган линиянинг техник тавсифи, фойдаланиш муддати, узлуксиз ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё таъминоти, ишлаб чиқариш ва бошқарувдаги шахсий ҳаракатлар, лойиҳанинг умумий қиймати, айланма маблағнинг мавжудлиги, маҳсулот турлари бўйича батафсил маълумотлар ёритилган ТИА (техник иқтисодий асос-бизнес режа) ишлаб чиқилмаганлиги маълум бўлган. Банк ходимлари юқорида келтирилган масалалар юзасидан лойиҳа ташаббускорига консультатив маслаҳатлар берган.

2019 йилнинг 25 декабрь куни Ғайрат Обиджонов ҳамда “Finechеm Co.LTD” (Корея) компаниясининг таъсисчиси Банкнинг Фарғона филиалига ташрифи чоғида “Fargʻona Uy Qurilish” МЧЖнинг раҳбари Ғайрат Обиджонов томонидан ушбу олиниши режалаштирилаётган кредит маблағлари ҳисобига Ўзбекистон тарафдан улушни кўпайтириш режаси борлиги оғзаки маълум қилинган. Бироқ, банк кредит сиёсатига асосан кредит маблағлари устав жамғармасини шакллантириш учун ажратилмаслигини Банк филиали ходимлари тушунтиргач, Ғайрат Обиджонов “Fargʻona Uy Qurilish” МЧЖга тегишли бино иншоотларни устав жамғармасига қўйиши мумкинлигини оғзаки тарзда айтиб ўтган.

Шунингдек, учрашув чоғида Ғайрат Обиджонов ҳамда “Finechеm Co.LTD” (Корея) компаниясининг вакили ўртасида айланма маблағлар қайси тарафдан амалга оширилиши бўйича саволлар тўлиқ ҳал этилмаганлиги маълум бўлган ва ҳамкорлар лойиҳа ва бошқа масалаларни ўзаро тўлиқ ўрганиб чиқиш бўйича келишиб олишган.

Бироқ, бугунги кунга қадар мижоз кредит олиш учун зарур ҳужжатларни Банкнинг Фарғона филиалига тақдим этмаган. Шуларни инобатга олган ҳолда фуқаронинг ижтимоий тармоқлар орқали билдирган танқидлари ўз тасдиғини топмаган.

“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Ахборот хизмати барча оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар билан доимо шаффофликда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради ҳамда улардан ахборотларни тарқатишда янада масъулиятли бўлишни сўрайди.

“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Ахборот хизмати телефонлари: 71 2076243. Телеграм тескари алоқа хизмати: @trustbankuzbot. P.S: Лойиҳа банк мижозларига тегишлилиги сабабли лойиҳа бўйича барча маълумотлар ошкор қилинмаган.

648
ЎзА