ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Тожикистонлик ишбилармон хотин-қизлар Наманганда

Тожикистонлик ишбилармон хотин-қизлар Наманганда

БМТ Тараққиёт дастурининг “Савдо ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси ташаббуси билан Тожикистон Республикасидан бир гуруҳ ишбилармон ва тадбиркор хотин-қизлар Наманганга келди.

Вилоятда аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу борада кўрсатилаётган хизматларни ўрганиш, янги иш ўринлар яратилиши, институционал ривожланиш жараёнлари билан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида келган меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда республика “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлимида бўлиб, хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес йўналишида тадбиркор хотин-қизларнинг ташаббус ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Шундан сўнг, меҳмонлар билан вилоят Хотин-қизлар қўмитасининг раиси И.Қўчқорова учрашди. Учрашувда тарихи, маданияти, дини бир қардош ўзбек ва тожик халқининг муайян йиллар узилиб қолган дўстлик ришталари икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда янада мустаҳкам боғлангани, янгиланган савдо-иқтисодий, маданий алоқалар кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Мулоқотда меҳмонларга вилоятда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.

Вилоят “Тадбиркор аёл” уюшмаси раиси Л.Абдуҳалимова хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида уюшма томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

– Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деганларидек, биз бугун Наманган мисолида Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётганини, бу жараёнларда хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этаётганлигига гувоҳ бўлдик ва жуда бой таассурот олдик, – дейди делегация раҳбари Г.Мамаджонова. – Бу ташрифимиз наманганлик тадбиркор аёллар билан ҳамкорлигимиз истиқболини белгилаб берди.

Меҳмонлар мулоқотлар давомида фақатгина аёллар тадбиркорлигини ўрганиш билангина чекланиб қолмай, вилоятда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги, маънавияти, кийиниш маданияти, оилалар мустаҳкамлиги, хотин-қизлар жиноятчилиги каби кўплаб масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Шундан сўнг, делегация Чуст туманига борди. У ердаги тадбиркор С.Тожибоеванинг хотин-қизлар жамоат фондидан имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини кенгайтиргани ва ҳозирда 100 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган “Чуст Ўктамжон Сервис” оилавий корхонаси, М.Имомова етакчилигидаги асаларичилик, иссиқхона ва деҳқончиликка ихтисослашган “Ғайбулло Давронбек” фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди. Кам харажат билан кўп даромад олиш борасидаги тажрибаларни ўрганди.

Тожикистон делегациясининг уч кунга мўлжалланган ташрифи давом этмоқда. Ташриф дастурида Наманган шаҳридаги “Истиқлол замон болалари” нодавлат таълим муассасаси, Уйчи туманидаги “Асмустекстил”, “Шахноз мастер класс” хусусий корхоналари, “Уйчи обод замини” фермер хўжалиги фаолиятлари билан танишиш кўзда тутилган.

2 657
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА