Тожикистон - Ўзбекистон муносабатларидаги «музлар» қандай эриди?
Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган ягона давлат.
Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган ягона давлат. Шунинг учун минтақада унинг мавқеи ўзгача. Республикадаги янгиланишлар, ислоҳотлар нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам катта таъсир кўрсатиш аҳамиятига эга. Ҳеч кимга сир эмас, географик, демографик ва иқтисодий салоҳияти билан бу ўлка Марказий Осиёнинг юраги деб тан олинган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг ўтган вақт давомида чегарадош республикалар билан ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёндашув минтақа бирлигининг асоси бўлиб хизмат қилмоқдаки, бундан ҳудуддаги барча халқлар фақат мамнун бўляпти.
БИР ДАРЁДАН СУВ ИЧГАН ИККИ ХАЛҚ
Қўшни Тожикистон билан Ўзбекистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Биз — икки қардош халқ азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдай яшаганмиз. Гарчи икки тилли бўлсак-да, туриш-турмушимиз, маданиятимиз бир. Мусиқамиз, қўшиқларимиз, ҳатто фольклоримиз ҳам бир-бирига туташган. Азалий қўшнилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиляпти.
Вақтлар бўлдики, қон-қардош, қуда-анда халқлар орасига сунъий «девор» қўйилди. Ўзаро борди-келди ушалмас орзуга айланди. Тожикистон ҳамда Ўзбекистон муносабатлари эса турли геосиёсий ва айримлар фикрича, шахсий сабаблар боис ўтган йиллар давомида таранглашиб кетган эди.
Бироқ икки давлат Президентлари Эмомали Раҳмон ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг шахсий сиёсий иродалари ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсатлари туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди. Марказий Осиё бирдамлиги бугун муҳим бир босқичга кирди.
Дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан буён икки мамлакат ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада юздан ортиқ шартнома ҳамда келишувлар имзоланган. Бу ҳужжатлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини қамраб олди ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда биргаликдаги ҳаракатларни мустаҳкамлаш учун асосга айланди. 1993 йил 4 январда имзоланган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2000 йил 15 июндаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномада муносабатларимизнинг асосий тамойиллари белгилаб қўйилган. Булар: мустақиллик ва давлат суверенитетини ўзаро ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, давлат даражасида ҳам, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ҳам ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик алоқаларини ўрнатишга интилиш. Аммо ҳақиқат шу эдики, бу ҳужжатлар, асосан, қоғозда қолиб, амалий томондан ҳамкорликка ҳуқуқий асос бўлмади...
ТАРИХИЙ ВОҚЕЛИК
Ўтган қисқа давр ичида тожик-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш учун жуда кучли туртки берилди. Улкан ўзгаришлар содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда давлат ташрифи мақомида амалга оширилган Тожикистонга сафари билан икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очилди.
Душанбеда дўстона муҳитда олиб борилган музокараларнинг конструктив руҳи сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда катта миқёсдаги икки тарафлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш омили бўлди. Бугун ҳар икки мамлакат раҳбарлари кўп томонлама шерикликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қатъий хоҳиш, шунингдек, янги марраларни елкама-елка туриб забт қилишга бўлган интилишни намоён этмоқда.
Ўзаро дўстона алоқалар аниқ амалий қадамлар билан бойитилган ҳолда, ўсиб борувчи траектория бўйлаб ривожланмоқда. Халқаро кузатувчилар «ёриб чиқиш» сингари таърифларни тобора кўпроқ ишлатишяпти. Ҳамкорликнинг янги саҳифаси икки халқ манфаатлари йўлидаги янги мақсадлар ва истиқболли режалар билан тўлган.
Хусусан, Германиянинг Бремен шаҳри ҳудудий парламенти президенти Кристиан Вебернинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратайлик.
— Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан Ўзбекистондаги вазият тезкор равишда ижобий томонга ўзгарди. — Расмий Тошкент ўз ташқи сиёсий фаолиятини жадаллаштириб, айниқса, қўшнилар билан муносабатларда қисқа муддатда катта юксалишга эришди.
Ўзбекистон тўғри йўлда ҳаракатланмоқдаки, қўлга киритилаётган ижобий натижалар буни яққол исботлайди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани баробарида, икки томонлама муносабатларда янги имкониятларни очишига шубҳа йўқ. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли ислоҳотчи ва узоқни кўра биладиган сиёсатчи эканига ишонч ҳосил қиляпмиз. Унинг бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, бу ташаббуслар минтақада тинчлик, осойишталик ҳамда тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
МУЛОҚОТДАГИ МУСТАҲКАМ ИШОНЧ
2016 йил сентябрдан то шу кунга қадар Тожикистон ва Ўзбекистон етакчиларининг учрашувлари, телефон сўзлашувлари мунтазамлик касб этган. Мулоқот характери кўп жиҳатдан бизнинг давлатларимиз раҳбарлари ўртасида шаклланган ўзаро ишончдан келиб чиқади. Бу жиҳат давлатлар етакчилари бир-бирларига «азиз биродарим» дея мурожаат қиладиган норасмий муносабатда ҳам намоён бўлади.
Юқори даражада ўрнатилган очиқ, самимий мулоқотлар ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор қўйди.
2018 йилнинг августида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи эса ўзаро ҳамкорлик ривожида навбатдаги улкан воқеа, деб эътироф этилди.
Чунончи, Тожикистон-Ўзбекистон алоқаларининг замонавий тараққиёти ҳақида Россиянинг «Независимая газета» нашрида қуйидаги фикрлар билдирилади:
«Тожикистон ва Ўзбекистон бу йил бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон қарийб йигирма йил мобайнида илк бор Тошкентга ташрифини амалга оширди. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган илиқ ва дўстона музокаралар қатор ҳужжатлар, шу жумладан, Стратегик шериклик тўғрисидаги ҳамда икки мамлакат давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича битимларнинг имзоланиши билан якунланди».
ЧЕГАРАЛАР ОЧИЛИШИ ЧИНАКАМ БАХТ
2018 йилнинг 1 мартида икки мамлакат фуқаролари ҳаётида чинакам унутилмас бахтли онлар бошланди. Боиси шу кундан Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг аниқ мисоли ўлароқ, ўзбек — тожик давлат чегараси орқали 9 та ўтиш пункти тантанали равишда очилди.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги «Жартепа» («Саразм»), Жиззах вилоятидаги «Кушкент» («Ўратепа») ва «Учқўрғон» («Ҳавотоғ»), Сирдарё вилоятидаги «Ховособод» («Зафаробод»), Тошкент вилоятидаги «Бекобод» («Хаштяк»), Наманган вилоятидаги «Поп» («Навбунёд»), Фарғона вилоятидаги «Равот» («Равот»), Сурхондарё вилоятидаги «Гулбаҳор» («Айводж») каби автомобиль йўлларидаги пунктлар, шунингдек, темир йўл чизиғидаги «Амузанг» («Ҳошади») пункти очилди.
Чегара пунктларининг очилиш маросимлари икки мамлакат расмий вакиллари ҳамда туташ туманлар аҳолиси иштирокида тантанали тарзда ва дўстона муҳитда ўтди.
Қардош халқларимиз сабрсизлик билан кутган мазкур воқелик фуқароларнинг ўзаро қатновини осонлаштиришга имкон яратди. Бу эса, ўз навбатида, икки мамлакат дўст халқларининг қариндошлик алоқаларини сақлашга хизмат қилмоқда.
ДЎСТЛИК КЎПРИГИ
Хабарингиз бор, транспорт-коммуникация тизимлари, саноат ва савдоси собиқ иттифоқ даврида бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айни соҳалардаги алоқалари мустақиллик йилларида деярли барбод бўлди. Аввалига транспорт алоқалари, хусусан, Душанбе — Тошкент йўналишидаги самолётлар парвози бекор қилинди. Кейинроқ Тожикистон оша Фарғона водийсига тушган йўлдан фойдаланиш тўхтади. Икки мамлакат ўртасида виза тизими жорий қилиниш билан бирга, чегарадош ҳудудлар миналаштирилди. Бу юзлаб бегуноҳ инсонларнинг минага дуч келиб ҳалок бўлишигача олиб келди...
2016 йилдан сўнг чегаралар очилиб, «девор»лар қулади, сим тўсиқлар ўрнини «дўстлик дарвозалари» эгаллади. Бироқ Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан кўра, Тожикистон билан «музлик»ни эритиш осон кечмаслиги аниқ эди. Чунки дўстлик кўприклари бирмунча «ёниб» кетганди. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида мустақиллик йилларидан сўнг 20 йилдан зиёд вақт мобайнида ришталар фақат узилиб борди. Ваҳоланки, халқларимиз Марказий Осиё халқлари орасида бир-бирига энг яқини ҳисобланади.
Халқларимиз қиз олиб, қиз берган, қариндош бўлган. Урф-одатлари ҳам икки томчи сув каби бир-бирига ўхшашдир. Икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашиши, биринчи навбатда, оддий одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди. Бунинг тасдиғи сифатида назорат пунктларининг очилиши, давлатларимиз ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши халқларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди. Чегарани кесиб ўтаётганлар ўзгаришларни дарров сезишди. Иккала тарафдаги чегарачилар ҳам мулойимлик билан ўз ишларини бажармоқда, аввал бўлгани каби, арзимаган нарса билан муаммо чиқаришга уринмаяпти.
Боз устига, Ўзбекистоннинг транспорт йўлаклари минтақавий ҳамкорлик учун ўта муҳим. Бу йўлаклар Марказий Осиёнинг барча давлатлари, жумладан, Афғонистон билан ҳам ўзаро тижорий алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиши мумкин.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда энергетика соҳасидаги муносабатларнинг илиқлашуви натижасида минтақада собиқ иттифоқ даврида мавжуд бўлган ягона энерготизим тикланди.
МИНАЛАРДАН ТОЗАЛАШ — ҲАҚИҚИЙ ЖАСОРАТ
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи якунларига кўра, икки давлат етакчиси умумий чегарани миналардан тозалаш бўйича барча ишлар 2019 йил охиригача якунланишига келишиб олишганди.
2020 йилнинг илк кунларида мамлакатларимиз расмийлари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларга ўрнатилган миналар бутунлай тозаланганини эълон қилди. Оддий тожикистонликлар, айниқса, Ўзбекистон билан чегарада яшаётган кишилар чегаралар минадан тозалангани ҳақидаги хабарни қувонч билан кутиб олишди.
Чегарадаги инсон ҳалокатига сабаб бўлган дастлабки мина портлаши Исфарада 2000 йилнинг 29 августида юз берган. Бу портлаш натижасида Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани билан чегарадош Қизилпилол қишлоғида яшайдиган икки аёл ва икки қизалоқ ҳалок бўлди. Бир аёл ва яна бир қизалоқ яраланди.
Қизилпилолдан сўнг Исфаранинг Лаккон, Офтобрў, Кулкент, Чилғози, Нефтеобод каби аҳоли масканларида, Шимолий Тожикистоннинг Ашт, Конибодом, Панжакент, Шаҳристон туманларида яшайдиган кишилар ҳам қурбон бўлишди. Мина қурбонларидан бирортаси на террорчи, на бангивор модда ташувчи бўлган. Бири мол боқиб юрган, бири равоч териш учун тоққа чиққан ё Ўзбекистон томонида яшайдиган қариндошларини кўриб келишга отланган оддий одамлар бўлишган...
Хайрият, бу кунлар ўтиб кетди.
ПАНДЕМИЯ ВА ТЕХНОГЕН ОФАТ ДАВРИДАГИ ИНСОНПАРВАРЛИК
Дўст оғир кунларда билинар экан. Бутун дунёни забтига олган коронавирус пандемияси дўсту душманни элакдан ўтказди. Дўстни душмандан ажратди. Бир маълумот: Тожикистонга ўтган уч ойда Ўзбекистондан бошқа давлатларга қараганда кўпроқ миқдорда гуманитар ёрдам жўнатилди.
9 апрель куни Ўзбекистон Тожикистонга ун ва антисептиклардан иборат 18 вагон гуманитар ёрдам юборган бўлса, 7 май куни Ўзбекистон гуманитар ёрдам сифатида Тожикистонга 144 та мобил тиббий контейнер юборди. Бу коронавирусга чалинган беморларни жойлаштириш ва даволаш учун мўлжалланган тиббий контейнерлар оғир кунимизга яради. Тиббий контейнерлар тўлиқ жиҳозланган ва уларда чойшаблар тўшалган ўрин, ювиниш хонаси ва ҳожатхона мавжуд. Ҳатто кондиционерлар ҳам ўрнатилган. Шунингдек, ўзбекистонлик 8 нафар олий тоифали шифокор коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Тожикистонга юборилгани биз тожикистонликларни беҳад хурсанд қилди.
Май ойи охирида яна Ўзбекистондан катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами юборилди. Ўзи ҳам коронавирус балосидан азият чекаётган Ўзбекистоннинг оғир пайт бўлишига қарамай, таъбир жоиз бўлса, майизини қирққа бўлиб, қўшниларига ҳам илинаётгани ўзбек халқининг бағрикенглиги ва тантилигини кўрсатиб турибди.
Шу йилнинг 1 май куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори техноген офат сабаби билан ёрилди. Бу ҳодиса туфайли минглаб аҳоли уй-жойидан кўчирилди. Ўзбек биродарларимиз бошига тушган офатни кўриб Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг дастурига биноан Ўзбекистон Республикасига 51 вагон қурилиш материаллари ёрдам сифатида етказиб берилди...
Мухтасар айтганда, Марказий Осиёда ижобий ўзгаришлар шамоли эсмоқда. Ана шу ўзгаришлар эпкинида минтақамиз давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси, маслаҳат учрашувлари, мулоқотлари фақат ва фақат халқларимиз фаровонлигига, давлатларимизнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилсин.
Илоҳим, тожик ва ўзбек халқининг дўстлиги бардавом бўлсин.
Қобилжон ХУШВАХТЗОДА,
Тожикистон миллий университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор