ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Тожикистон табиий ресурслари тез орада Хитой қўлига ўтиб қолиши мумкин

Тожикистон табиий ресурслари тез орада Хитой қўлига ўтиб қолиши мумкин

Тожикистон молия вазири баёнот берар экан, мамлакат яқин уч йилда Хитойдан кредит олиш ниятида эмаслигини, Душанбенинг Пекин олдидаги қарзи борасидаги танқидлар асоссиз эканлигини айтди.

Шу тариқа Файзиддин Қаҳҳорзода 13 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Тожикистонинг Хитой олдидаги катта қарзи уни бу мамлакатга боғлаб қўйиши ва қарам қилиб қўйиши” борасида Америка тадқиқотларига изоҳ берди.

Молия вазирининг хабар қилишича, Америка тадқиқотларининг хулосаси “шунчаки эксперт фикридир”. Унинг сўзларига қараганда, Тожикистон қарз олишда бир мамлакат билан чекланиб қолмасдан, Душанбе Европа Иттифоқи ва АҚШдан хам кредит олишдан манфаатдор.

Америкалик тадқиқотчи, “Хитой кредит дипломатияси” концепциясининг муаллифиСэм Паркер Душанбега мурожаат қилар экан, Пекиндан катта қарз олган мамлакатлар тақдирини ўйлаб кўришга чақирди. “Акс ҳолда, Тожикистон табиий ресурслари тез орада Хитой қўлига ўтиб қолиши мумкин”, дея таъкидлайди тадқиқотчи.

Сэм Паркернинг қайд қилишича, Тожикистон ўз вақтида қарздан қутила олмайди ва шу сабабли унинг Хитой томонига олтин ва кумуш конларини бериш амалиёти одатий ҳолга айланади. “Бунинг натижасида бу ресурслардан фойда Тожикистонга эмас, балки Хитойга тушади. Аслида бу ресурслар узоқ муддат мамлакатга ва Тожикистон халқига хизмат қилиши керак”, — дея қўшимча қилади Паркер.

Аммо молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзоданинг фикрича, “эксперт шахсий фикрини билдириш ҳуқуқига эга”, Тожикистоннинг эса Хитой олдидаги қарзларини узиши билан боғлиқ муаммоси йўқ. Тожикистон молия вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, бугунги кунда Душанбенинг Пекинга қарзи 1,1 млрд. долларни ташкил қилади – бу Тожикистон ташқи қарзининг ярмидир.

2 107
ЎзА