ЎзА Ўзбек

09.08.2018 15:49 Чоп этиш версияси

ТОЖИКИСТОН МАТБУОТИ. Тожик шеъриятининг заҳматкаш таржимони

ТОЖИКИСТОН МАТБУОТИ. Тожик шеъриятининг заҳматкаш таржимони
Таниқли шоир, таржимон ва публицист Жамшид Примовнинг ҳозирги замон тожик шоирлари шеърларидан ўзбек тилига ўгирган “Ҳамоҳанг кўнгиллар” (Хўжанд, 2018 йил) китоби хусусида...

Яқинда 70 ёшни нишонлаган таниқли шоир 50 йилдан кўпроқ вақт давомида ўзбек ва тожик адабиётига сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Унинг ўнлаб шеърий таржима ва ўткир публицистик асарлари мухлислар кўнгил мулкига айланган. Шоирни Тожикистон ва қардош Ўзбекистонда бирдай танишади. Етакчи газета ва журналларда шеър ва ғазалларини давлат нашриётларида китобларини чоп қилишади. У ўзига хос услуби ва самимий лирикаси, дардчил ва адолатпарварлиги, ростгўйлиги билан эл назарига тушди.

Жамшид зуллисонайн шоир сифатида ҳам танилган. Маълумки, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий замонидан ва ҳозиргача яшаб келган устоз шоирлар ҳар икки тилда ижод қилган. Яшаш тарзлари, қадриятлари, урф-одатлари ва мурод-мақсадлари муштарак бўлган ўзбек ва тожик халқларидай яқин қондош халқлар дунёда топилмайди. Бу шубҳасиз адабий муҳитга ҳам ўз таъсирини ўтказиб келаётир. Икки тилда ижод қилиш, бир-бирларидан она тилларига ўгириш одатий тус олган. Жумладан, Хўжанд ҳам Фарғона водийсига туташганлиги сабабдан шоирлари борди-келди қилишган, дўст-биродар тутинишган, икки тилда гўзал ғазаллар, рубоий ва байтлар, достон ва ҳажвий шеърлар яратишгани аёндир. Қадимий Истаравшанда туғилиб, вояга етган Жамшид болалик чоғиданоқ тожик тилида илк шеърларини ёзди, кейинчалик Душанбега келиб, “Совет Тожикистони” (“Халқ овози”) газетасида хизмат қилган йилларида тожик шеърияти билан яқиндан танишди. Дастлабки таржималари газета-журнал ва адабий альманахларда босила бошланди. 1991 йилда ўттиздан ортиқ тожик шоирларидан ўгирган шеърлари “Ирфон” нашриётида 7000 нусхада чоп этилиб, тезда тарқалиб кетди. Аҳолисининг чорак қисми ўзбеклар бўлган республикамиз талаба ва ўқувчилари биринчи марта кўпчилик тожик муаллифлари асарларидан тузилган китобга эга бўлди. Синф ва аудиторияларда ёш тожик шоирларининг ўзбекча шеърлари янгради. Энди кўзга ташланиб келаётган шоирни Тошкент ҳамда Душанбеда нашр этилган “Зангори япроқлар” ва “Майса ҳиди” деб номланган китоблари учун СССР Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишди.

Орадан 40 йил ўтди. Бу давр мобайнида 50 дан ортиқ тожик шоирларининг сара шеърларини ўзбек тилига ўгирди, газета-журналларда чоп эттирди. Тожикистон халқ шоири, Рўдакий мукофоти лауреати Сайдали Маъмурнинг алоҳида китобини “Қуёш фарзанди” номи билан “Ирфон” нашриёти, таниқли тожик ёзувчиси Фазлиддин Муҳаммадиевнинг қисса ва ҳикояларидан иборат “Ажал комида” (“Варта”) китобини Жамшид Примов таржимасида шу йил “Адиб” нашриётида нашрдан чиқарди. Мана, Сўғд вилояти раисининг тавсиясига биноан чоп қилинган “Ҳамоҳанг кўнгиллар” таржималар китоби юксак полиграфик сифатга эга, ундаги шеърлар таржимоннинг билим ва маҳорати, тажрибаси ошиб борганини намойиш этади. Шоир ҳар бир шеър, сатр, сўз устида бош қотириб, муаллиф ўзлиги ва услубини, оҳангини, пировард ғоясини, эстетик принципларини сақлашга ҳаракат қилган. Сўз таълими ва рангларига, маъно товланишларига эътибор беради. Ўз овози ва услубини бошқаларга “ёпиштирмайди”. Унинг Лоҳутий, Мирзо Турсунзода, Лойиқ, Бозор Собир, Ҳақназар Ғойиб, Сайидали Маъмур, Гулрухсор ва бошқалар ижодидан қилган таржималари аслиятига жуда яқин, ёрқин ва тушунарли тилда ўзбекчага ўгирилган. Ўзбекистон халқ шоири марҳум Рауф Парфининг Бозор Собирдан қилган таржималарига яхши баҳо бергани бежиз эмас. Таниқли шоирнинг Жамшид таржимасидаги “Шоиру шеър бор экан, то...” номли ва Пабло Неруда хотирасига бағишланган шеърнинг сўнгги сатрлари ўзбек тилида шундай жаранг беради:

Мен қўлимда шеър-ла ўлгайман,
Мен бўғзима шеър-ла ўлгайман.
Элу юртим бирла қолгайман, 
Элу юртим бирла қолгайман.

Ёки Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзоданинг “Шоиро” шеъри:

Шоиро, ёнмоқдан топдингми хабар?
Ҳеч қачон этмагил оташдан ҳазар.
Ҳарорат юксак эрмаса офтоб,
Бу ҳаёт совуқдан бўларди хароб. 

Бу сатрлар халқ тили ва дилига жуда яқин ва тезгина тушунилиб, ёд олинади. 

Жамшид Примов истеъдодли шоир Лойиқнинг юзлаб шеър, ғазал, рубоий ва байтларини узоқ йиллардан буён таржима қилиб келмоқда. Лойиқ “Садои Шарқ” журналида бош муҳаррирлиги чоғида “Кованинг ўн етти ўғли ғамида йиғлагани” шеърини ва қатор рубоийларини таржимон тилидан эшитиб, эндигина нашр этилган “Китоби санг”ига “Жамшиди азиз! Умидворам, ки жоми жамро пайдо микунед”, деб дастхат ёзиб берганди.

Ёшликда майли, шўх, саркаш бўлайлик,
Париваш дилига туташ бўлайлик.
Десалар: хок бўлар бир кун оташ ҳам,
Токи хок бўлгунча оташ бўлайлик. 

Лойиқнинг юзлаб бундай рубоийлари Жамшид таржимасида ўзбек китобхонига етиб борди. 

Жамшид Примовнинг таржима соҳасида ўз услуби ва принциплари риоя қиладиган шартлари борки, бу алоҳида мавзудир. 

“Ҳамоҳанг кўнгиллар” китоби Тожикистон ва қўшни республикаларда яшаётган ўзбек китобхонларига бебаҳо совға бўлди. Узоқ йиллардан буён икки қардош адабиётга кўприк бўлиб хизмат қилиб келаётган зуллисонайн шоиримиз, устоз Жамшид Примовнинг бу таржималар китоби Сўғд вилоятининг адабиёт соҳасидаги Камол Хўжандий номли мукофотига ҳақли равишда арзийди. Бундан минглаб мухлислар шод бўладилар, холос. Аслида, Жамшид Примовнинг хизматлари бундан ҳам юксакроқ мукофотларга арзигуликдир. 

Омонбой Жуманов, Омон Ражаб,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзолари

“Халқ овози” газетаси, Тожикистон

ЎзА
6 415