Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 15:56 Чоп этиш версияси

Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи делегацияси Ўзбекистонда

Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи делегацияси Ўзбекистонда
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси таклифига биноан Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.

Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолияти билан яқиндан танишиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий усул ва механизмларини амалиётга жорий этиш борасида ўзаро фикр алмашиш мақсадида амалга оширилаётган ташриф доирасида “Пойтахт” бизнес марказида учрашув ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий бирлашмалари фаолияти, фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар, мурожаатларни қабул қилиш, уни ўрганиш ҳамда ҳал этиш тартиби хусусида маълумот берилди. Хусусан, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига истеъмолчилардан 6 минг 713 мурожаат келиб тушган. Шундан 6 минг 131 таси ижобий ҳал этилди. Натижада истеъмолчилар фойдасига 3 миллиард 570 миллион 667 минг сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Тадбирда асосий эътибор истеъмолчиларга коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди. Фуқаролардан мазкур соҳага жорий йилда 331 мурожаат келиб тушган. Аризаларни федерация тизими ўз ваколати доирасида ўрганиб чиқди ва улар ижобий ҳал этилмоқда.

Учрашув жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари федерация ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тамаки маҳсулотларига қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Учрашувда икки томон ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

ЎзА