Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 10:13 Чоп этиш версияси

Тоза ҳаво қанчалик тоза ?

Халқ депутатлари Наманган вилояти Учқўрғон тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг туманда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёси, Катта Андижон канали ва бошқа очиқ сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқ бўйи минтақаларини муҳофаза қилиш борасида тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиши ва ер кўчиши ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссияси билан ҳамкорликда амалга оширилган хатлов жараёнида сув тозалигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган объектлар аниқланиб, тегишли тартибда экологик хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, вилоят бўйича бир йилда атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи модда миқдори 69,4 минг тонна. Унинг 90 фоизга яқини ёки 67,3 минг тоннаси вилоятда ҳаракатланаётган 165,4 минг дона автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич Учқўрғон туманида 91,3 фоизни ташкил қилади ёки туманда атмосферага бир йилда ташланаётган ифлослантирувчи модда миқдори 4,6 минг тонна. Унинг 4,2 минг тоннаси 10 мингга яқин автотранспорт воситаларининг экологияга зарарли ҳосиласидир.

Транспорт воситаларидан атмосферага ташланаётган зарарли моддалар миқдорини меъёрлаш ва меъёридан ортиқ ташланишининг олдини олишга қаратилган “Тоза ҳаво” тадбирида туманда қарийб 1200 автотранспорт воситаси кўрикдан ўтказилди. Ис гази ва тутун қалинлиги бўйича меъёрдан ортиқ кўрсаткичда аниқланган автомобилларда камчиликларни батараф этиш чоралари кўрилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан хазонлар ёқиш, қурилиш объектларида битумни очиқ аланга олдириб эритишга йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамай, 2017 йилда туманда сомон ёқиш бўйича ўнлаб ҳолат аниқланган. Қонунбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Таҳлилларга кўра, туманда бир йилда 14 минг 760 тонна маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Албатта, кунига аҳоли ва хўжалик субъектлари томонидан чиқарилаётган чиқиндилар “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиали томонидан махсус техникаларда белгиланган жойларга чиқарилмоқда. Бироқ, олиб борилаётган тушунтириш ва профилактик тадбирларга қарамасдан, ноқонуний чиқиндихоналар, марказий кўча ва йўл бўйига чиқинди ташлаш ҳолатлари ҳамон учраётгани ачинарлидир.

Тадбирда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонунлар талабига риоя этилиши юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари асосида қарор қабул қилинди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
6 097