Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2018 14:58 Чоп этиш версияси

Товарлар кимёси ривожи янги босқичда

Товарлар кимёси ривожи янги босқичда

Андижон давлат университетида “Товарлар кимёси муаммолари ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси, Олий ҳарбий божхона институти, Ўзбекистон Миллий, Тошкент давлат аграр, Андижон давлат университетлари, Тошкент кимё-технология ҳамда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтлари олимлари, магистр ва талабалари, шунингдек, Германия, Тожикистон ва қирғизистонлик кимё соҳаси мутахассислари иштирок этган анжуманда мамлакатимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.

– Кимё фанлари ривожи, бу борада яратилган сўнгги янгиликлар, халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш борасида кейинги йилларда мамлакатимизда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, – дейди Кимё фанлари доктори, профессор Иброҳимжон Асқаров. – Анжуманнинг асосий мақсади ҳам мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтариш, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари сифати ва кўламини кенгайтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Анжуманда “Товарларнинг кимёвий таркиби асосида синфлаш ва сертификатлаш фанининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни”, “Биологик актив субстанциялар олиш соҳасидаги тадқиқотларнинг асосий йўналишлари”, “Товарларнинг халқаро код рақамини белгилашда уларнинг кимёвий таркиби асосида синфлашнинг аҳамияти”, “Товарлар кимёси фани – кимё фанлари тизимидаги янги фан” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда товарлар кимёси фанини ривожлантириш, мазкур йўналишдаги илмий-тадқиқот ва амалий ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Анжуман товарлар кимёси соҳасида амалга оширилаётган ишларни такомиллаштириш, муаммоларни бартараф этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, соҳа олимлари ҳамда ёш мутахассисларининг билим ва малакасини оширишга хизмат қилади.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА
3 042