ЎзА Ўзбек

29.08.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Тотувликни таъминлашнинг янги босқичи

Тотувликни таъминлашнинг янги босқичи
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда янги босқичидир” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов ва бошқалар миллатлараро муносабатларни ривожлантириш, халқимиз орасида бағрикенглик, инсонпарварлик туйғуларини ривожлантириш, турли миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, биродарлик хислатларини мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг бой тарихий мероси ва кўп асрлик анъаналарига асосланган мамлакатда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг босқичма-босқич амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси стратегик ривожининг асоси бўлган миллатлараро, конфессиялараро ва фуқаролар тотувлигида муҳим омил бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандидек дўст ва тотувликда яшамоқда. 138 миллий маданий марказ, шунингдек, 34 дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллат ҳамда элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини асраш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Семинарда ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини янада мустаҳкамлаш, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда таъсирчан тарғибот ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 225