ЎзА Ўзбек

12.07.2018 16:33 Чоп этиш версияси

Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилди

Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш белгиланган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўттиз саккизинчи сессиясида ушбу масала атрофлича кўрилиб, Юнусобод туманидаги Бодомзор йўли кўчасига Чингиз Айтматов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, балки бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, чин дўст ҳам эди.

Айтматовнинг «Тоғ ва чўл қиссалари» туркумига кирган асарлари юксак баҳоланди. Айтматовнинг «Оқ кема» (1970) қиссасида инсоний гўзаллик, эзгулик ва ҳаёт зиддиятлари, экология муаммолари теран тадқиқ этилади.

«Соҳил бўйлаб чопаётган олапар» (1977) қиссасида муҳим маънавий масалалар, шўро давридаги ҳаётнинг машъум манзаралари ўз ифодасини топган. «Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида замонамизнинг умуминсоний манзаралари, она-сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.

Ч.Айтматовнинг қарийб барча асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди.

Ч.Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган.

Н.Усмонова, ЎзА
5 073