ЎзА Ўзбек

05.04.2018 11:41 Чоп этиш версияси

Тошкентлик тадбиркор судда оқланди

Дунёда айбсиз айбдор бўлишдан ёмони йўқ. Ҳаётда бундай чоҳга тушиб, жабрини тортаётганлар кўплаб топилади. 

Судлар том маънода инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга интилаётгани сабаб оқлов ҳукмлари ҳам кўпаймоқда. 

Тошкентлик тадбиркор Суннатилло Ортиқовга ҳам мана шундай рўшнолик кулиб боқди.

«Sunnat Ziyo» масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлиб фаолият юритган С.Ортиқов абитуриентларни олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрлаш билан шуғулланган. Унинг фаолиятига оид текширув якуни бўйича тергов органи тадбиркорни 2014-2015 йиллларда махсус лицензия олмасдан чет тиллари бўйича ўқитиш ҳамда ҳамширалик курслари фаолиятини лицензиясиз амалга оширишда айблаган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди эса тадбиркорни Жиноят кодексининг 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) 2-қисми “б” банди билан айбдор, деб топган. Унга иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ундирган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. 

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур иш С.Ортиқовнинг мурожаати асосида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги қонуни билан Жиноят кодексининг 190-моддаси 1-қисмининг диспозициясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шунга кўра, “Лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланиш кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса” жазо тайинланиши белгиланган. 

Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясининг «Sunnat Ziyo»да ўтказган режадан ташқари текширув далолатномасида лицензия олингунга қадар ўқитиш ҳамда ҳамширалик курслари фаолияти натижасида тадбиркор 230 минг сўм даромад топган.

С.Ортиқовга нисбатан тергов айблови ва суднинг ҳукмида судланувчининг лицензиясиз фаолияти натижасида бошқа бирон бир даромад олганлиги кўрсатилмаган. 

Шу боис Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ажрими билан С. Ортиқовга нисбатан айблов ҳукми бекор қилинди. Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-қисмига асосан айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
11 520