ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентлик ўқитувчилар Бухоро тажрибаси билан танишди

Тошкентлик ўқитувчилар Бухоро тажрибаси билан танишди

Тошкент вилояти Тошкент туманидаги бир гуруҳ ўқитувчилар бухоролик ҳамкасбларининг фаолияти билан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, муаммоларни комплекс ҳал этиш масалалари чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар муҳокама этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланган.

Жумладан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, тегишли ташкилотларга халқ таълими ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш ва бошқа имтиёзлар бериш юзасидан кўрсатма берган эди.

Мазкур йиғилишда бу каби ишлар давлатимиз томонидан изчил давом эттирилиши, лекин ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзи ҳам билим ва касб маҳоратини ошириши, жамоат ишларида фаол иштирок этиши, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши, шунингдек, таълимда Бухоро вилоятининг илғор тажрибаларини ўрганиш кераклигига эътибор қаратилган эди.

Тошкент туманидаги 26-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ушбу ташаббус доирасида Бухоро тажрибасини ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Ғиждувон туманидаги 27- ва 4-умумтаълим мактабида бўлди.

27-умумтаълим мактаби мактаблар ўртасидаги рейтингда республика бўйича 1-ўринни, 4-умумтаълим мактаби эса 15-ўринни эгаллаган.
– Она тили фанидан 100 фоизлик натижа бизларни лол қолдирди, – дейди 26-умумтаълим мактаби директори С.Хашимова. – Ўқувчиларнинг илм олишга бўлган чанқоқлиги, фанларни ўзлаштиришдаги тиришқоқлиги таҳсинга лойиқ. Бу албатта ўқитувчи ҳамкасбларимизнинг педагогик маҳорати туфайли. Ғиждувонлик ҳамкасбларимиз бу борадаги илғор тажрибаси билан ўртоқлашди. Байрам олди учрашув барчамизга муносиб байрам совғаси бўлди.

Ғиждувоннинг илғор педагогик тажрибасини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш жараёни таълим муассасасида таълим сифатини оширишга хизмат қилади. 

3 091
Авазбек Худойқулов, ЎзА мухбири