ЎзА Ўзбек

09.01.2020 Чоп этиш версияси

Тошкентдан йўлга чиққанда йўқолиб қолган водийлик киракашга нима бўлган?

Тошкентдан йўлга чиққанда йўқолиб қолган водийлик киракашга нима бўлган?

Одамлар орасида Тошкент ва Қўқон ўртасида киракашлик қилиб юрадиган ҳайдовчининг йўқолиб қолгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди.

Хўш, аслида нима бўлган эди?

Бош прокуратура матбуот хизмати бунга аниқлик киритувчи маълумот тақдим қилди.

Ҳақиқатан, киракаш ҳайдовчи Тошкентдан йўлга чиққанини оила аъзоларига маълум қилган, бироқ ўзи уйга етиб бормаган.

Маълум бўлишича, 2020 йил 6 январь куни Фарғона вилояти Данғара тумани Тошкент кўчаси 80-уйда яшовчи Давидова Бузулфия Обидовна Оҳангарон тумани прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, унда 1962 йилда туғилган турмуш ўртоғи Юлдашев Комолжон Абсаломович 2020 йил 5 январь куни соат 15:00 ларда ишончнома асосида бошқарувида бўлган, оқ рангли “Кобальт” русумли, давлат рақами 40Z075RA бўлган автомашинада “Қўқон-Тошкент” йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида уйидан чиқиб кетганлигини маълум қилиб, уни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Терговга қадар текширув давомида бедарак йўқолган К.Юлдашев 2020 йил 5 январь куни соат 23:00 ларда Тошкент шаҳар Бектемир туманида жойлашган “Водий” автобекатидан Фарғона вилояти Данғара туманига кетиш учун ўзининг бошқарувидаги автомашинада йўлга чиққан. Шу куни соат 23:52да қизи У.Парманова билан ўзининг 90-307-47-46 рақамли уяли телефони орқали гаплашганида, “Оҳангарон”дан Бешариқ туманига йўловчи олиб қайтаётганлигини маълум қилган. Шундан кейин унинг телефони ўчирилиб, уйига етиб бормаган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 2020 йил 7 январь куни соат 18:00 ларда бедарак йўқолган К.Юлдашевнинг бошқарувидаги “Кобальт” русумли, давлат рақам белгиси 40Z075RA бўлган автомашина Оҳангарон шаҳар Янгиобод маҳалласи Алпомиш кўчасидаги фуқаро Ж.Шерматовга тегишли 11-уйнинг олдидаги кўчада турганлиги аниқланган.

Ҳодиса жойи ва автомашина кўздан кечирилиб, автомашина салони ва юкхонасидан қонга ўхшаш қизғиш доғлардан намуналар ва ўриндиқ жилдлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан 2020 йил 7 январь куни Оҳангарон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида, К.Юлдашевнинг мурдаси 2020 йил 8 январь куни унинг автомашинаси топилган жойидан 18 километр узоқликдан топилган. Яъни Оҳангарон тумани Телов маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ангрен” дарёси устидан ўтувчи “Нуробод-Телов” автомобиль йўлидаги кўприкдан ўнг томонга, дарё ўзани чап томони бўйлаб 1,2 км. ичкарида, чакалакзорлар орасида яланғоч ҳолатда баданининг олди тарафида 7 маротаба ҳамда орқа томонида 7 маротаба ўткир тиғли жисм билан етказилган тан жароҳатлари билан топилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, К.Юлдашевнинг ўлими қўшма жароҳат: бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак олд-орқа ва ёнбош, қорин соҳаларида кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари оқибатида келиб чиққан ташқи ва ички қон кетиши натижасида юзага келганлиги кўрсатилган.

Ҳозирда жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.

17 090
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА