ЎзА Ўзбек

29.10.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда яшаётган вилоятликлар ва вилоятда яшаётган тошкентликлар диққатига!

Тошкентда яшаётган вилоятликлар ва вилоятда яшаётган тошкентликлар диққатига!


Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 134-сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ, РЕСПУБЛИКАМИЗНИНГ ИСТАЛГАН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИДА жисмоний шахсларга фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари (ФҲДЁ) ҳақидаги (туғилиш, никоҳ, никоҳдан ажралиш, ўлим, ёлғиз она, оталикни белгилаш, маълумотлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида ва бошқа) маълумотномаларни бериш давлат хизмати, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.

ЭНДИЛИКДА ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 28 ОКТЯБРДАН бошлаб мурожаатчилар мазкур давлат хизматидан экстерриториал тамойил асосида ўзларига қулай бўлган, исталган Давлат хизматлари марказларига келган ҳолда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мазкур давлат хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Яъни Тошкент шаҳрида бошқа ҳудудлардан келиб яшаётган фуқароларимиз юқоридаги маълумотларни олиш учун доимий рўйхатда турган вилоятига бормасдан Тошкент шаҳридаги исталган Давлат хизматлари марказлари орқали олиши мумкин.

Оворагарчиликларга чек қўйилди ҳурматли фуқаролар, энди вилоятингизга боришингизнинг ҳожати қолмади!

Давлат хизматидан фойдаланиш учун Марказ ходими мурожаатчи номидан сўровнома тўлдиради ва сўровномага қуйидагилар илова қилинади:

паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхаси;

ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда – ишончнома нусхаси;

ариза берувчининг марҳумга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлари;

ариза берувчи васиятномага асосан меросхўр бўлганда — васиятнома 
ва марҳумнинг ўлими ҳақида гувоҳнома нусхалари, ариза берувчи қонуний вакил бўлса – уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинади.

Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олинади.

Қарорга кўра, давлат хизматини кўрсатганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Эcлатиб ўтамиз, ушбу давлат хизмати Тошкент шаҳридаги исталган Давлат хизматлари маркази орқали жорий йилнинг 7 июндан фойдаланишлари мумкинлиги тўғрисида ОАВларда хабар берилган эди.

Мазкур давлат хизматидан бугунги кунга қадар жами Тошкент шаҳри бўйича 6 000 дан зиёд мурожаатлар Давлат хизматлари марказларига келиб тушган.

Фуқаролардан давлат хизматини кўрсатиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар талаб этилганда ёки тамаъгирлик ҳолатларига йўл қўйилганда Давлат хизматлари агентлигининг 1148 қисқа рақамли Ишонч телефонига мурожаат этишлари сўралади.

Дилноза ЗУЛУНОВА,

Давлат хизматлари агентлиги

Тошкент шаҳар бошқармаси

Тошкент шаҳар ФҲДЁ архиви мудираси


17 421
ЎзА