Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Тошкентда яна 300 нафар фуқаро ишли бўлди

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2018 йилнинг айнан Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб номланиши ҳам бу эзгу ишларнинг янада жадаллашишига кенг йўл очди.

«Binket Group» қўшма корхонасининг ишга туширилиши ҳам юртимиздаги тадбиркорлик имкониятларининг кенгайиб бораётганига ёрқин мисолдир.

Замонавий эшиклар ва мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхонага 2016 йил асос солинган. Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 8 гектар майдонни ўз ичига олган фабрика энг замонавий Италия технологияси асосида ички ва ташқи бозорга ўз маҳсулотларини етказиб беради. Корхона маҳсулотлари Европа андозаларига жавоб бериши, экологик тозалиги ва инсон саломатлигига безарарлиги билан ажралиб туради.

Ушбу қўшма корхонанинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, хорижлик меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

«Binket Group» қўшма корхонаси бош директори Рустам Маннонов, корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича директори Вячеслав Шуваев ва «SCM Group» компаниясининг МДҲ, Шарқий Европа, Ўрта ер денгизи, Болтиқ ва Африка мамлакатлари бўйича ҳудудий менежери Паоло Ломбардини сўзга чиқиб, янги иш бошлаган қўшма корхона мамлакатимизда барча соҳалар каби кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижаси эканини таъкидлади.

Корхона ишга туширилгач, 300 нафар маҳаллий фуқаро иш билан таъминланди. Улар иш жараёни бўйича махсус ўқувдан ўтказилиб, хориждан келтирилган технологиялар асосида миллий ва замонавийлик мужассам этган бир-биридан чиройли ва харидорбоп эшиклар ишлаб чиқара бошлади.

– Ишимиз ўзига яраша қизиқарли ва масъулиятлидир, – деди корхона ишчиси Илҳом Тешабоев. – Аввал маҳсулот хомашёсига ишлов бериш жараёнини пухта ўрганиб олдим. Бунинг учун корхона маъмурияти ва хорижлик мутахассислардан жуда миннатдорман. Янги технологиялар билан ишлашга қўлим анча келиб қолди. Мақсадимиз арзон, сифатли ва харидоргир маҳсулотлар билан нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатлар бозорини эгаллашдир.

Корхона жамоаси мебель ишлаб чиқариш бўйича Германиянинг "HOMAG Group" компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Тадбир доирасида иштирокчилар корхонадаги иш жараёни билан таништирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
7 498