ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви: келажак сари яна бир қадам​

Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви: келажак сари яна бир қадам​

Тошкент шаҳрида 29 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Бундай учрашувлар одатий кўп томонлама музокаралардан тубдан фарқ қилиб, глобал даражада рўй бераётган тизимли ўзгаришлар, минтақада шаклланаётган халқаро жараёнларнинг янги босқичидан дарак беради.

Мураккаб вазият, беқарорлик, ўзаро ишончнинг сусайиши, турли низолар авж олиши, терроризм хавфининг ортиши кузатилаётган бугунги дунёда барқарор ва изчил тараққиётга эришишга интилаётган мамлакат ва минтақаларнинг халқаро миқёсдаги роли мустаҳкамланиб бормоқда. 

Ана шундай минтақа сифатида муштарак тарих ва маданиятга эга Марказий Осиё давлатларида мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, истиқболда минтақавий ҳамкорликнинг самарали моделини яратиш, уни дунёга тақдим этиш имкониятини берувчи замонавий механизмларга зарурат туғилмоқда. 

Бундай шароитда ўзаро ишончга асосланган мулоқот, сиёсий маслаҳатлашувлар ва амалий ҳамкорликнинг долзарблиги ортмоқда. Бу Марказий Осиё давлатларининг турли таҳдидларга қарши туриш ва яратилаётган имкониятлардан фойдаланишда манфаатдорликнинг мавжудлиги билан изоҳланади. 

Қайд этиш жоиз, Марказий Осиё кўп қиррали ҳамкорлик ва интеграция жараёнини ривожлантириш йўлидан бормоқда. Ушбу интилишлар ўзгаришлар талабини сиёсий кун тартибига олиб чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилди ва ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. 

Қисқа тарихий фурсатда қўшни давлатлар билан чегара, сув каби қатор оғриқли муаммоларга биргаликда ечим топишга эришилди. Шу тариқа ҳудудни кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар майдонига айлантириш учун замин яратилди. 

Марказий Осиёда халқаро муносабатларнинг жорий босқичи ва яқин иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг янги шаклини мақбул йўналиш сифатида қайд этиш мумкин. Марказий Осиёда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш минтақани сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан фрагментлаштириш тенденциясини келтириб чиқармоқда. Натижада бой инсон капитали, ресурсларига эга йирик давлатлар ва айни пайтда маълум бир қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезаётган мамлакатлар шаклланиб бормоқда. Муносабатларнинг янги механизми эса ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий дастурларни мувофиқлаштириш орқали юқоридаги ҳолатни мувозанатга солиши мумкин. 

Бугунги кучли рақобат муҳитида Марказий Осиё давлатлари халқаро майдонда ягона куч сифатида чиқишлари ва ўз манфаатларини биргаликда ҳимоя қилишлари истиқболли ҳисобланади. Давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари эса Марказий Осиё давлатларига бу борадаги мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган салоҳиятдан самарали фойдаланиш имконини беради.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари натижаларига қайтадиган бўлсак, бу минтақада кўп қиррали ҳамкорликка йўналтирилган ягона қарашни илгари суришдек вазифани муваффақиятли амалга ошириш имконини бермоқда. Аслини олганда, ҳамкорлик учун умумий қараш ва ёндашувнинг мавжудлиги амалий ҳаракатлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Тошкентда ўтган навбатдаги маслаҳатлашувни ҳам ана шундай қарашни шакллантиришга қўшилган муносиб ҳисса сифатида қайд этиш мумкин.

Унинг доирасида савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, атроф-муҳит муҳофазаси, энергетика, сув ресурслари, туризм, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, шакл ва механизмлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, бутун минтақада жадал тараққиёт ва рақобатбардошликни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги вазифаларни амалга оширишга бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди. Тошкентда Марказий Осиё мамлакатларининг инвестициявий форумини ўтказиш таклифи яна бир бор илгари сурилди.

Савдо-саноат палаталарининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ғояси минтақавий ҳамкорликнинг асосий драйвери бўладиган кичик ва ўрта бизнес тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Марказий Осиёда замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва транспорт йўлаклари тизимини яратиш ҳам долзарб вазифа. Зеро, Марказий Осиё денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти чекланган минтақадир. Марказий Осиё мамлакатларининг хорижий давлатлар билан алоқаларни ривожлантириши дунёга чиқиш имконини тақдим этиш билан бирга, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тошкентнинг минтақада замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббусларини алоҳида қайд этиш жоиз. Илгари мавжуд бўлган муаммолар ҳисобга олинса, бу таклифни инқилобий деб аташ мумкин.

Минтақанинг ташқи дунё учун очиқлиги, кўп томонлама мувофиқлаштириш ва кооперация тузилмаларини шакллантириш учун халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни диверсификация қилишга тайёрлиги Маслаҳат учрашувида алоҳида эътибор қаратилган муҳим масалалардан бири бўлди.

Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари мамлакатлараро ҳамкорликнинг янги андозасини ишлаб чиқиш ва таништириш бўйича барча асосларига эгадирлар. Ушбу минтақада ўз маданияти ва урф-одатларини асраб-авайлайдиган замонавий давлатлар шаклланган. Мазкур мамлакатлар бебаҳо бойлик сифатида тарихий, маданий-этник муштаракликдан умумий манфаатдорлик асосида фойдаланиш имконини берувчи ўзаро ишончга эга.

Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистон ички, бироқ интернационаллашган тўқнашувларни сиёсий тартибга солишда ўзига хос андоза бўла олади. Бу бошқа замонавий низоларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, афғон можаросини ҳал этишда ҳам.

Афғонистонда давом этаётган беқарорлик йирик инфратузилма лойиҳаларини ишга туширишга тўсқинлик қилаётган омиллардан биридир. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда иштирок этиш янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Шу боис Тошкентда ўтказилган Маслаҳат учрашуви якуни бўйича қабул қилинган ҳужжатда айнан масала ҳақида сўз боради.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Марказий Осиёда ҳамкорлик бўйича янги уфқлар очилмоқда. Шу тариқа уларни амалга ошириш, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва янги амалий мазмун билан бойитиш зарурати туғилади. Бу эса янги учрашув ва маслаҳатлашувлар, фикр алмашишлар давом этишини англатади. 

Ирина ЗВЯГЕЛЬСКАЯ,
Россия Фанлар академияси
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар
институтининг Яқин Шарқ тадқиқотлари
маркази раҳбари, 
тарих фанлар доктори, профессор

1 498
ЎзА