ЎзА Ўзбек

12.01.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентда технопарк ташкил этилади

Тошкентда технопарк ташкил этилади

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида стартаплар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш соҳаси бўйича Ҳиндистон тажрибаси асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ташкил этилади.

Технопаркда мамлакатимиз ахборот технологиялари тармоғини янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилади, юқори технологияли стартап лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади ҳамда юртимизда ишлаб чиқарилган дастурий ва юқори технологияли маҳсулотларни маҳаллий ва хорижий бозорларда тарғиб қилишга хизмат қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида технопарк Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги ҳузуридаги Дастурий технологиялар парки жамияти томонидан ташкил этилиши кўрсатилган.

Технопаркда молиявий, маркетинг, юридик, консалтинг ва бизнес-акселератор хизматлари кўрсатилади. Бу стартап соҳаси бўйича яқинда ўз фаолиятини бошлаганлар учун бизнес-режа ва маҳсулотини тарғиб этиш стратегиясини тўғри тузиш, бозор ва рақобатчиларни ўрганиш, иқтисодий фаолиятини тезроқ бошлашига ёрдам беради. Бундан ташқари, стартап лойиҳаларни амалга оширишда венчур молиялаштириш асосида ёрдам ҳам кўрсатилади.

Технопаркда АКТ соҳасида етакчи компаниялар вакиллари ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, турли маҳорат дарслари, тренинглар, малака ошириш курслари ҳамда илмий-амалий анжуманлар ва семинарлар ўтказилади.

Технопарк резидентларининг истиқболли лойиҳалари давлат маблағлари, хусусан Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда технопарк резидентлари учун Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказига тақдим этилган имтиёзлар берилади. Улар 2028 йилга барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар, жумладан, республикамиз ҳудудига дастурий таъминот ва ускуналарни олиб кирганда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.

3 883
Роман Бондарчук, ЎзА