ЎзА Ўзбек

13.04.2019 13:03 Чоп этиш версияси

Тошкентда Қозоғистон рамзи “Олтин одам” намойиш этилмоқда

Тошкентда Қозоғистон рамзи “Олтин одам” намойиш этилмоқда

Аввал хабар берилганидек, мазкур ҳафтада Ўзбекистон давлат санъат музейида “Буюк дашт: тарих ва маданият” номли кўргазма очилди.

Кўргазманинг асосий мақсади санъат ва маданият ихлосмандларини Қозоғистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан таништиришдан иборат бўлиб, Унда Қозоғистон Республикаси рамзи ҳисобланган “Олтин одам” намойишга қўйилган.

1960 йилларнинг охири 1970 йилларнинг бошида Олмаота шаҳри атрофида археологик қазиш ишлари олиб борилган. Иссиқ қўрғонда тадқиқот олиб бораётган Кемал Акишев томонидан Саклар шоҳи “Олтин одам” қолдиқлари топилди. Бу топилма ўз навбатида Қозоғистон рамзига айланди. Ноёб топилма “Қозоқ Тутанхамони” деб атала бошланди ҳамда асрнинг йирик кашфиёти деб тан олинди.

photo_2019-04-13_13-49-52.jpg

“Олтин одам” кўргазмаси бугунги кунда Россия, Хитой, Польша, Беларусь, Озарбайжон, Корея ва Татаристон Республикаларида намойиш этилган. Бу мамлакатларда бўлиб ўтган кўргазмаларга бир миллиондан ортиқ томошабин ташриф буюрган. 2020 йил охиригача кўргазма дунёнинг 20 мамлакатида намойишга қўйилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон давлат санъат музейида бўлиб ўтаётган кўргазмада “Олтин одам”ни тилла безаклар билан безатилган кийимда, тилла ўқлар, қор қоплонлари, архарлар, отлар, қушлар кўринишидаги олтин пластиналар билан безатилган конус шаклидаги бош кийимда кўриш мумкин. Шунингдек, (археологлар фикрича 17-18 ёшларда бўлган) сак жангчиси Олтин одам билан бирга дафн қилинган эрта темир даврига (милл.авв.V-IV асрлар) оид археологик топилмалар тўплами ҳам жой олган.

photo_2019-04-13_13-49-48.jpg

ЎзА
4 719