ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Тошкентда халқаро террористик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари қўлга олинди

Тошкентда халқаро террористик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари қўлга олинди

2020 йилнинг 19 февраль куни, Тошкент шаҳри ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди. 

Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан кўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига бориб қўшилишни режалаштириб келганлар.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-2-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

6 156
ЎзА