ЎзА Ўзбек

08.11.2018 21:08 Чоп этиш версияси

Тошкентда Италия туризми ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

Тошкентда Италия туризми ҳафталиги бўлиб ўтмоқда “Туризм ўқув консалтинг маркази” Давлат унитар корхонаси ва Италиянинг GalileoFerraris институти ҳамкорлигида пойтахтимизда “Италия туризми ҳафталиги” давом этмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг таъкидлашича, лойиҳа мобайнида италиялик экспертлар бир қатор соҳа вакиллари: меҳмонхона, ресторан ва туристик корхоналар ходимлари, ресторан ошпазлари, барменлар, сомельеларнинг касбий маҳоратларини оширишга йўналтирилган мастер-классларни намойиш этади.

Тадбир мобайнида Италия туризм индустриясининг етакчи экспертлари томонидан туризм ва гастрономиянинг энг қизиқарли ҳамда долзарб мавзулари ёритиб берилади. Кейинчалик тадбир иштирокчилари бу ерда олган янги билимларни ўз фаолиятларида қўллашлари мумкин. Курс якунида эса барча иштирокчиларга тадбир ташкилотчилари томонидан халқаро сертификат ва қимматбаҳо совғалар топширилади.

Ташкил этилаётган маҳорат дарсларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб- ҳунар коллежлари, меҳмонхона, ресторан ва туристик корхоналарнинг 70 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этмоқда.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Италиядаги “Галилео Феррарис” номли умумий овқатланиш ва меҳмонхона хўжалигига ихтисослашган давлат мактаби бўлиб, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи муассаса ҳисобланади. Ҳозирги кунда мазкур мактаб 1,6 минг нафар ўқувчиларига 5 йиллик таълим олишни таклиф этади.



Муҳайё Тошқораева, ЎзА
2 348