ЎзА Ўзбек

12.06.2019 19:30 Чоп этиш версияси

Тошкентда аграр соҳага ихтисослашган халқаро кўргазмалар иш бошлади​

Тошкентда аграр соҳага ихтисослашган халқаро кўргазмалар иш бошлади​

“Ўзэкспомарказ”да агросаноат комплекси учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар бўйича “Uzbekistan Agrotech Expo – 2019” XIV халқаро ихтисослаштирилган ҳамда “Uzbekistan Agromash Expo – 2019” VIII халқаро ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарининг кўргазмалари очилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев ва бошқалар мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги изчил ривожланаётгани, пировардида, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланаётгани, маҳсулотларни қайта ишлаш ҳажми ортиб, экспорт кўлами кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Кўргазмада 197 компания қатнашаётган бўлиб, уларнинг 152 таси Хитой, Япония, Жанубий Корея, Италия, Германия, Бельгия, Голландия, Буюк Британия, Беларусь, Россия каби хориж мамлакатларидан келган. Улар озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш технологиялари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик ускуналари, чорва учун ем тайёрлаш жиҳозларини намойиш этиб, ўсимликлар ҳимояси учун кимёвий моддалар ва замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш каби хизматларни таклиф қилмоқда.

7.JPG

Ўзбекистонлик фермерлар билан 15 йилдан буён ҳамкорлик қилаётган Голландия ва Венгриянинг “Hunland” қўшма компанияси наслдор чорва ҳайвонларини етказиб бериш билан шуғулланади.

– Ўзбекистонда чорвачилик яхши ривожланмоқда, – дейди ушбу компаниянинг мамлакатимиздаги вакили Нигора Турғунхўжаева. – Кўргазмада кўплаб таклифларни қабул қилаяпмиз. Биз мижозларимизга иқлим шароитидан келиб чиқиб қайси турдаги чорвани боқиш, етказиб берган чорвани қандай парваришлаш бўйича зарур тавсияларни ҳам бериб борамиз. Шу боис мижозларимиз ҳам кўпайиб бормоқда.

Жанубий Кореянинг замонавий иссиқхоналар қуришга ихтисослашган “Hankook agricultural materiars CO., HanNong Co Korea” компанияси мамлакатимизда бир йилдан буён фаолият кўрсатмоқда.

– Ҳозир Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 2 гектарлик иссиқхона қураяпмиз, – дейди мазкур компания вакили Шуҳрат Қосимхўжаев. – Тез кунларда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида гидропоника усулида ишлайдиган 7 гектарлик иссиқхона қуришни бошлаймиз. Бугунги кўргазмада янги мижозлар топиш мақсадида иштирок этаяпмиз. 

8.JPG

“Uzbekistan Agromash Expo – 2019” халқаро кўргазмасида “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар, етакчи хориж компанияларининг 70 дан ортиқ турдаги маҳсулоти намойиш этилмоқда.

– Ишлаб чиқараётган қишлоқ хўжалиги техникаларимиз нафақат мамлакатимиз ички бозори, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда, – деди “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ маркетинг бошқармаси бошлиғи Илҳом Алимов. – Бугунги кўргазмада 15 турдаги трактор, 30 турдан ортиқ тиркама, агрегатларни намойишга қўйганмиз. Тадбиркорлар билан келишувларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Кўргазмада шоли ва сабзавот кўчатларини экишга мўлжалланган техникалар катта қизиқиш уйғотди. Германия қишлоқ хўжалиги жамияти томонидан “Даладан – дастурхонга” номли халқаро конференция ҳам ўтказилди.

24.JPG

Абдулазиз МУСАЕВ, Отабек МИРСОАТОВ олган суратлар, ЎзА
4 464