ЎзА Ўзбек

04.04.2018 20:28 Чоп этиш версияси

Тошкент Жанубий вокзалидан поездлар қатнай бошлади

Тошкент Жанубий вокзалидан поездлар қатнай бошлади Жорий йил 4 апрель куни Тошкент Жанубий вокзалидан илк йўловчи поездлар қатнови бошланди. Шу куни барча шаҳарлараро маҳаллий йўловчи поездлари, жумладан, Тошкент – Бухоро поезди илк қатновни қайта реконструкция қилинган вокзалдан амалга оширди.

Шу муносабат билан журналистлар учун ташкил этилган медиа-турда мамлакатимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, асосий мақсад аҳоли манфаатлари учун хизмат қилиш экани таъкидланди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий қон томири – темир йўл транспорти ҳисобланади. Бу соҳа энг илғор тажрибалар уйғунлигида жадал ривожланмоқда. Бугун мамлакатимиз темир йўл соҳаси минтақада ўз нуфузига эга. Хусусан, трансминтақавий транспорт коридори сифатида муносиб ўрин эгаллаган. Тубдан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган Тошкент Жанубий вокзали фикримиз далилидир.

8.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Жанубий вокзал замонавий архитектура талаблари асосида тубдан реконструкция қилинди.

Бунёдкорлик жараёнида 500 нафар қурувчи ва 30 дан зиёд техника ишлади. Пойтахтимизда барпо этилган ушбу энг кўркам ва замонавий вокзалнинг умумий майдони 9,2 гектар бўлиб, 650 метрлик 3 та перронга эга. Вокзал ҳудудида диаметри 14 метрлик иккита замонавий фаввора иссиқ кунларда ҳаво мўътадиллигини таъминлашга хизмат қилади. 

9.JPG

Эътиборли жиҳати шундаки, йўловчиларнинг йўл ҳужжати, паспорти, юки фақатгина бир марта – вокзал ҳудудига кириш жойида назоратдан ўтказилади. Бу йўловчиларга қўшимча қулайлик, албатта. Ҳудудда бепул аравачалардан фойдаланиш мумкин. Ногиронлар учун махсус аравачалар ташкил қилинган. Бинода кутиш, VIP заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, меҳмонхона, дам олиш хоналари, буфет, кўчма савдо нуқталари, газета ва журналлар, WiFi интернет, планшет хизмати, электрон кутубхона, ширинликлар ва миллий совғалар сотиш шохобчаси, мобиль қурилмалар учун қувватлантириш манбаи, электрон маълумотлар маркази ва таблоси, сайёҳлар зали ва замонавий лифт мавжуд. 

10.JPG

Қайд этиш керакки, вокзалда сайёҳлар учун махсус зал барпо этилган. Бу йўловчилар ва юртимизга келган хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши табиий. Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда 170 кузатув камераси ишламоқда. Ёнғин хавфсизлиги учун махсус чиқиш йўлаклари ташкил этилган.

Кутиш зали кўргазма ва телевизон ахборот воситалари билан жиҳозланган. Бу ерда ҳаво ҳарорати мўътадиллигини таъминловчи махсус ускуналар мунтазам ишлаб турибди. Йўловчиларнинг вақтини тежаш мақсадида вокзал ҳудудида 12 чиптахона хизмати йўлга қўйилган. Чипталарни электрон буюртириш имкони мавжуд.

Вокзал кунига 11 минг йўловчига хизмат кўрсатади. 

12.JPG

– Оиламиз билан Тошкентга саёҳат қилиш учун келган эдик. Бир йил ичида пойтахтимизда катта ўзгаришлар рўй берибди, – дейди бухоролик Флюра Орзиева. – Бугун тарихий кун иштирокчиси бўлиб турибмиз. Янги вокзалдан илк йўловчи сифатида Бухорога кетаяпмиз. Ҳаммасидан хурсандмиз. Вокзал ходимлари хушмуомала, барча шароитлар муҳайё экан. Насиб қилса, энди тез-тез поездда Тошкентга келиб турамиз.

Тошкент Жанубий вокзалида йўловчилар учун энг замонавий ва қулай шароит яратилган.

6.JPG

Улуғбек Асроров, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
8 142