Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 19:12 Чоп этиш версияси

Тошкент йирик мегаполисга айланмоқда

Пойтахт ҳокимлигида Тошкент шаҳрида архитектура, лойиҳалаштириш, қурилиш, ободонлаштириш ҳамда кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда пойтахт архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси масъуллари, журналистлар иштирок этди.

Тошкент шаҳрида йилдан-йилга аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектларининг сони ортиб бораётир. Мазкур жараён пойтахтимизнинг барча ҳудудларида янги аҳоли массивлари, иншоотлар, йўл ва кўприклар, хиёбонлар, истироҳат боғларини бунёд этишни тақозо этмоқдаки, пировардида Тошкент миллий меъморлик анъаналари ҳамда дунё архитектураси ютуқларини уйғунлаштирган йирик мегаполисга айланмоқда.

Сергели туманида бунёд этилаётган юздан зиёд кўп қаватли уй-жойларда бугунги кунда сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда мазкур уйларга ёндош ҳудудда ер усти метрополитенининг қурилиши ҳам жадал давом этмоқда. Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган мазкур ноёб транспорт йўли Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Йўлдош мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради.

Анжуманда жорий йилда аҳолини арзон турар жойлар билан таъминлаш борасида бошланган ишлар ҳажми келгусида янада кенгайтирилиши маълум қилинди. Қайд этилганидек, бунда пойтахтликларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, 3 ва 4 хонали квартиралар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Замонавий қурилиш материаллари ҳамда техника воситаларидан фойдаланишни янада кенгайтириш орқали турар жойлардаги қаватлар сонини кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Пойтахтимизда яшил майдонларни кўпайтириш, ҳавонинг тозалиги ва табиий дам олиш масканларига яқинлик каби мезонларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда шаҳардаги барча туманларда янги истироҳат боғлари барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида замонавий ва юқори технологияли маданий ва кўнгилочар боғ, пойтахт марказида Наврўз паркини қуриш устида ишлар бошлаб юборилган.

Президентимизнинг янги типдаги маҳалла марказларини бунёд этиш бўйича таклифи асосида ҳозирги вақтда пойтахтнинг 500 дан ортиқ маҳалласида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Марказларда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун хоналар ажратилиши билан бир қаторда ҳудудда чойхона, новвойхона, "Гўзаллик салонлари", дўконлар, спорт ва болалар майдончаларининг бунёд этилиши одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси маълумотларига кўра, пойтахтдаги мавжуд 183 минг 250 дан зиёд объектнинг 89 фоизи жисмоний шахсларга тегишли. Бугунги кунда жисмоний шахсларга тегишли 77 мингдан зиёд объект хатловдан ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 февралдаги «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар «Ермулккадастр» давлат корхонаси ҳамда давлат нотариал идоралари ўртасида электрон тизим йўлга қўйилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
4 930






Все о погоде - Pogoda.uz