ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятидаги дала ҳовлиларни онлайн тарзда банд қилиш ва улар учун тўловни амалга ошириши мумкин

Тошкент вилоятидаги дала ҳовлиларни онлайн тарзда банд қилиш ва улар учун тўловни амалга ошириши мумкин

Ёзнинг иссиқ кунида ҳам, қишнинг совуғида ҳам пойтахт аҳолиси Тошкент вилоятининг дам олиш масканларига боришни хуш кўради. Аммо, қаерга борсам арзонроқ, одамлар камроқ ёки қандай жойлашаман, деган савол кўпинча ҳаммани қийнайди.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларини ижарага олиш тўғрисида ишончли маълумотларнинг янги хизмати – orom.uz ягона электрон платформасини ишга туширди.

Унда ҳудуднинг энг машҳур ва хушманзара – Сижжак, Бўстонлиқ, Юсуфхона, Сойлиқ ва Дўстлик қўрғонлари кўрсатилган.

– Ижарага берувчилар orom.uz сайтига ижара объектлари ҳақидаги маълумотларни бепул жойлаштиради, –дейди Тошкент вилояти ДСБ бошлиги ўринбосари Султон Обидов. – Мижозлар дам олиш объектини масофадан туриб танлаши, банд қилиши ва улар учун тўловни амалга ошириши мумкин. Тўлов амалга оширилгандан сўнг, дам олувчининг электрон почтасига банд қилинганлик ҳақида хабарнома юборилади. Дам олувчилар сайтда рўйхатдан ўтиб объектларни танлаши ва банд қилиши, шунингдек, уларни турли мезонлар бўйича баҳолаб, шарҳлар қолдириши мумкин.

photo_2020-09-25_10-28-35.jpg

Ҳозирда 3700 дан ортиқ дам олиш объекти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг қайси банд ёки бўшлиги дастурда акс этиб туради. Бунда ёлғон ва ростни ажратиш жуда осон.

Мисол учун, уларнинг мингтаси бўш бўлса, назоратчилар текширишни шулардан бошлайди. Солиқчи борганда, уйда дам олувчилар бўлса ва уй эгаси буни бекитган бўлса, жавобгарлик масаласи кўрилади.

Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитаси «Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи» мавзусида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.

photo_2020-09-25_10-29-02.jpg

photo_2020-09-25_10-28-58.jpg

Қайд этиш керак, бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш борасидаги вазифалар самараси.

Унга кўра, тажриба даврида жисмоний шахслар ижарага берадиган дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибда қурилган уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган турар жойлар, сув транспорти, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш объектлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаи сифатида рўйхатга олинди.

Ҳозирда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилган. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.

Жисмоний шахслар барча дам олиш объектларини махсус гувоҳнома асосида ижарага бермоқда. Мазкур гувоҳнома солиқ органларининг таянч пунктларида мулк эгасига бепул тақдим этилди.

– Туман ҳудудидаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғини 4 та солиқ таянч пунктига тақсимланиб, 30 нафар солиқ ходимига бириктирилди, – дейди туман ДСИ бошлиғи Зариф Зокиров. –Тошкент вилояти давлат солиқ органлари ходимларидан иборат 200 кишилик ишчи гуруҳи тузилиб, 16 минг 645 та объект хатловдан ўтказилди. Натижада 22 сентябрь ҳолатига дала ҳовли ва айрим мол-мулк объектларини ижарага бериб даромад олаётган 4 минг 375 та солиқ тўловчи ҳисобга олинди. Улардан 4,7 миллиард сўм миқдорида солиқ ундирилди.

Шундан, Ягона электрон платформада 3 минг 744 та ижарачи рўйхатга олиниб, 3 миллиард сўм даромад солиғи ундирилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 1 минг 282 та ижарачи 1197,3 миллион сўм тўлаган. Фарқ деярли 3 баравар.

Пресс-турда ОАВ вакиллари тумандаги бир қатор дам олиш масканларида бўлиб, янги тизимни афзалликлари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар.

4 362
Сайёра ШОЕВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА