ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятидаги бунёдкорликдан аҳоли мамнун​

Тошкент вилоятидаги бунёдкорликдан аҳоли мамнун​

Коронавирус инфекцияси куннинг асосий мавзусига айланган бўлса ҳам ҳудудларда режадаги ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Тошкент вилояти Бўка туманида бунёд этилган иншоотлар аҳоли учун чинакам баҳорий совға бўлди.

Хусусан, 8-мактабгача таълим ташкилотининг эски биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бунёдкорлик ишларига жорий йилги инвестиция дастури доирасида 3 миллиард сўм сарфланди.

210 ўринли мазкур мажмуадаги хоналар болалар дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилувчи ўзига хос интерьер ва дизайн бўйича безатилган. Шунингдек, энг сўнгги русумдаги мебель ва зурур ўқув жиҳозлари билан таъминланган. 

Бундан ташқари, кўп йиллар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар учун тумандаги “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 қаватли замонавий турар жой бунёд этилди. Иккинчи гуруҳ ногирони Сотиболди Мирзабековлар оиласида ҳам катта байрам. Икки нафар фарзандини ўн йиллаб уйсиз, ижарада яшаб катта қилган фуқарога давлатимиз томонидан икки хонали шинам хонадон берилди.

– Ушбу эътибор учун давлатимиздан миннатдорман, – дейди С.Мирзабеков. – Турмуш ўртоғим билан кўп йиллар ўз уйимиз бўлиши учун ҳаракат қилдик. Бироқ оилавий ташвишлар, фарзанд тарбияси ва ногиронлигим туфайли бунга имконимиз бўлмади. Ҳозир жуда хурсандмиз. Яқинларимизни ва меҳмонларни ўз уйимизда кутиб оляпмиз. Туманимиздаги бундай ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари халқимиз фаровонлиги учундир.

Қибрай туманида ҳам коронавирус туфайли саросимага тушмасдан оптимистик руҳда, бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда. Туман ҳокими Мираъзам Мирқосимовнинг ташаббуси билан Амир Темур маҳалласидан ўтган давлат аҳамиятидаги 15 километр узунликдаги йўлнинг Тошкент шаҳрига туташган қисмига велосипедлар йўлаги қурилмоқда.

Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланадиган автомобиль йўли 4 қатор йўналишли бўлиб, йўлнинг ҳар икки томонида яшил йўлак учун жой ажратилган. Яшил йўлакдан кейин эни 3 метр йўлак велосипед билан ҳаракатланиш учун махсус барпо этилди. Велойўлакнинг ёнида эса пиёдалар учун эни 2 метрдан иборат тротуар аллақачон фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилган. Катта автомобиль йўлини ҳар икки томонини ҳисобга олганда, қарийб 6 километр узунликка эга велосипед билан ҳаракатланиш имконини берадиган махсус йўлак жорий йилнинг 19 март куни фойдаланишга топширилгани аҳоли учун туҳфа бўлди.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, ривожланган давлатларнинг йирик шаҳарларида велосипед билан ҳаракатланишга катта эътибор берилади. Бу эса соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва экологик муҳитни мувозанатда ушлаб туришга хизмат қилади.

Йўлнинг ҳар икки томонида замонавий металл тўсиқлар ўрнатилган, тўсиқлар эса бир-биридан чиройли турфа рангларга бўялган. Ёғингарчилик пайтида сув тўпланмаслиги учун дренаж тизими мукаммал тарзда амалга оширилган. Яшил йўлакнинг суғорилиши натижасида сувнинг тўпланиши, катта йўлга ҳам, велойўлакка ҳам салбий таъсир ўтказмайди. Велойўлак билан катта йўлнинг орасида яшил йўлакнинг мавжудлиги ҳаракатланишда юқори даражадаги хавфсизликни таъминлайди. Айниқса, пиёдалар учун хавфсизлик чоралари пухта ўйланганидан далолат беради.

617
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА