ЎзА Ўзбек

13.06.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида жорий йилда 228 MTM фойдаланишга топширилади

Бу борада вилоятда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ, туман ва шаҳарларда 164 нодавлат, 48 давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш ва 16 уй-боғча фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 509 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда боғча ёшидаги болаларнинг 35 фоизи қамраб олинган бўлиб, 69 минг 490 жажжи ўғил-қиз тарбияланаётир.

– Албатта, бу кўрсаткич ҳали етарли эмас, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Далабоева. – Бу борада Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармон ва қарорлари қабул қилингани айни муддао бўлди. Шу асосда ташкил этиладиган боғчалар ҳисобига биргина шу йилнинг ўзида 17 минг 500 бола мактабгача таълимга қамраб олинади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан 1 минг 869 ўринга мўлжалланган 32 нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Янгийўллик тадбиркор Раҳима Наимова томонидан Тинчлик маҳалласида ташкил этилган “Болажон-Полвонжон” хусусий нодавлат боғчаси шулар жумласидандир.

– Қишлоғимизда боғча йўқлиги, боғчаси бор ҳудудлардан нисбатан олис экани сабаб болаларни мактабгача таълимга бериш деярли имконсиз эди, – дейди тадбиркор Р.Наимова. – Шу боис кўпдан буён қишлоқ болалари учун боғча ташкил этишни ўйлаб юрардим. Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан мактабгача таълим тизимида кечаётган ислоҳотлар, хусусан, бу борада тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан руҳланиб, орзуимни амалга оширдим. Ҳозирги кунда боғчамизда 50 ўғил-қизга 8 тарбиячи-мураббия таълим-тарбия бермоқда.

Муассасада машғулотлар ўзбек тилида олиб борилади. Инглиз ва рус тиллари, шунингдек, шахмат-шашка ва рақс тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Бу болаларнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
3 520