ЎзА Ўзбек

21.08.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида сўнгги 5 йилда 9 минг нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ажратилди

Тошкент вилоятида сўнгги 5 йилда 9 минг нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ажратилди

Оилаларнинг ҳар жиҳатдан мустаҳкамлиги мамлакатнинг қудратини белгиловчи омиллардан биридир. Шу боис ҳар қандай жамиятда, ҳар бир даврда оилалар фаровонлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Юртимизда аввало инсон манфаатларини кўзлаб, оилалар хотиржамлиги, иқтисодий барқарорлиги учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш борасида қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бундан кўзланган мақсад халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришдир.

Кенг имкониятлар ҳамда қулай шароитлар туфайли оилавий бизнес билан шуғулланаётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Хусусан, ҳозирда Тошкент вилоятида 1 минг 314 нафар оилавий тадбиркор рўйхатдан ўтиб, фаолият юритмоқда. Уларда 1 минг 628 юртдошимиз меҳнат қилаяпти, оиласини тебратяпти. Ишчиларнинг аксариятини тадбиркорнинг оила аъзолари ва қариндошлари ташкил этади. Бу даромаднинг ортишига ва оила фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Тошкент вилояти солиқ бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йил давомида 5,3 миллиард сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилди.

Оилавий тадбиркорлик субъектларига қатор солиқ имтиёзлари жорий этилган. Жумладан, Солиқ Кодексининг тегишли моддаларига асосан, жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк ва ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади. Бундан ташқари, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилиши назарда тутилган. Қолаверса, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга оширишда оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрадиган якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосигина қатъий белгиланган солиқни тўловчи бўлади.

Шунингдек, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган ҳунармандлар ўз фаолиятини амалга оширишда буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун кўпи билан бешта шогирдини жалб этишга ҳақлидир.

Шу ўринда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, хонадонда қорамол ва паррандачиликни ривожлантириш, иссиқхона ташкил этиш истагини билдирганларнинг мингдан ортиғига имтиёзли кредитлар ажратилди. Ўтган давр мобайнида оилалар турмуш тарзи, муаммоларини ўрганиш мақсадида республика ҳамда вилоят ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилган мулоқотлар натижасида ногиронлиги бўлган, шу жумладан, ижтимоий аҳволи жуда оғир, уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг бандилиги таъминланди.

Маълумот ўрнида, Тошкент вилоятида сўнгги 5 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 9 минг нафардан ортиқ хотин-қизга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди.

2 259
Барно Мелиқулова, ЎзА