Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.08.2018 17:25 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида нега асаларилар нобуд бўляпти?

Тошкент вилоятида нега асаларилар нобуд бўляпти? Тошкент шаҳар асаларичилар жамиятидан маълум қилишларича, кейинги вақтда асалари оилаларининг нобуд бўлиш даражаси ортиб бормоқда. Хусусан, яқинда Владимир Пякнинг Тошкент вилоятида дала четида парваришланаётган 60 қути болариси нобуд бўлди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 1 дона асалари оиласини шакллантириш учун ўртача 600 минг сўм маблағ ва 42 кун талаб этилади. Энди асаларичининг қанча зарар кўргани ва шунча оилани қайта ташкил этиши учун қанча вақт сарфлашини ўзингиз ҳисоблаб кўринг! Агарда асалари уясида озми, кўпми асал ҳам бўлгани ҳисобга олинса, зарар миқдори янада ошади.

Ахир, ҳар бир асалари қутисида ўртача 8-10 та рамка асал бўлади. Уларнинг ҳар биридан ўрта ҳисобда 2,5-3 килограмм асал олинади. Бу дегани ҳар бир қутидан йилига 20-25 кг. асал етиштириш мумкин. Демак, кўрилган зарар кўлами янада кенгайиб бормоқда.

Бундай йўқотишга нима сабаб бўлди?

– Жорий йилдаги бу биринчи ҳолат эмас, – дейди Тошкент шаҳар асаларичилар жамияти раҳбари Фаррух Мусаев. – Мана қўлимда мавсумни Жиззах вилоятида ўтказиш учун борган аъзоларимизнинг шикоят хати бор. Уларда ҳам йўқотишлар мавжуд. Сабаб эса битта, у ҳам бўлса, фермерларнинг далаларга кимёвий дориларни сепиши. Тўғри, пахта, ғалла ва бошқа экинлардан мўл ҳосил олиш учун далаларни дорилаш зарур. Биз буни тушунамиз. Даласи атрофида жойлашган асаларичига далани дорилашини айтиб қўйса, қутиларни йиғиб кўчиб кетади. Ёки дорини кечқурун сепса, асаларига талафот бермайди. Йўқса, улар заҳарланади. Бироқ, фермерлар негадир биз билан гаплашгиси, маслаҳат қилгиси келмайди. Натижада борган сари кўпроқ асалари оиласи нобуд бўлмоқда. Бу кетишда уларнинг оилалари қирилиб кетади.

photo5465208600281590084.jpg

Қайд этиш жоизки, Тошкент асаларичилар уюшмасининг 579 нафар аъзоси ҳозирда 48 мингтадан кўпроқ асалари оиласини парваришламоқда. Йил охирига қадар улар қарийб 97 тонна асал ва асал маҳсулотларини тайёрлаб, аҳолига етказиб беришни мўлжалламоқда.

Маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, дунё давлатлари тажрибасидан маълумки, асалари бол йиғишдан ташқари экологик тозаликка ҳам катта фойдаси тегади. Айниқса, қишлоқ хўжалигида унинг ўрни беқиёсдир. Асаларининг чанглатиши натижасида пахтанинг ҳосили 25-30, кунгабоқарники 40-50гача ошиши фанда исботланган. Айниқса, пахта толасининг сифати кўтарилади. Бунинг учун ҳар гектар боғ ва экин бошига 2-3 асалари оиласи келтириб қўйилса кифоя. Бу усул Канада, Испания, Франция каби мамлакатларда кенг йўлга қўйилган.

– Баъзи чет элларда дала четига атайлаб беш қутидан асалари оиласи қўйилганини кўрганман, – дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги «Милки планет» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Дониёр Парпиев. – Биз ҳам қарийб 500 гектарда йўнғичқа ва пахта етиштирамиз. Зараркунандаларга қарши фақат биологик усулда курашамиз. Мана даламизда капалаклар ва асаларилар учиб юрибди. Ҳар йили асалари орқали чанглатилган ғўзадан яхшигина ҳосил оляпмиз. Шунинг учун даламизга асаларичиларни таклиф қилиб турамиз. Бу биз учун ҳам фойдали.

Албатта, мулк эгаларининг бу борада қарашлари турлича. Бироқ, қарс икки қўлдан эканини унутмаслик керак, албатта.

– Бизнинг соҳамизда яхши натижага эришиш учун ниҳоятда ҳушёр бўлиш керак, – дейди асаларичи Ноил Файзуллин. – Об-ҳавонинг ўзгариши ҳам, атрофдаги озгина ёқимсиз ҳид маҳсулотни камайтириб юборади. Совуқ ва қурғоқчиликда асал камаяди. Бу жониворнинг покизалигини айтмайсизми? Агар бирорта ишчи ари ахлат жойда ўсган гулнинг нектарини олиб келса, қўриқчи арилар унинг бошини узиб ташлашади. Ёки уяларига сичқон ўрмалаб киргудай бўлса, ҳаммалари унга ташланиб ўлдиришади. Ўлиги ҳам атрофни заҳарламасин, деб мумлаб ташлашади.

Ҳа, тозаликни, покизаликни шу митти жониворлардан ўрганса арзийди. Шу боис ҳам асал дунёдаги энг шифобахш неъмат саналишига шубҳа йўқ. Демак, фермерларимиз даладаги ёки боғдаги зараркунандаларга қарши биологик кураш усулидан фойдаланса ёки кимёвий ўғитни ишлатишдан олдин даласи атрофига жойлашган асаларичиларни огоҳлантирса, табиат шифокорларини асраб қолган бўлади.

Сайёра Шоева, ЎзА
4 907